“Ўзбекнефтгаз”: Нефт ва газ ускуналарини етказиб беришда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг имкониятлар берилмоқда(Фото)

“Ўзбекнефтегаз” АЖ корхоналари ишлаб чиқариш фаолияти ҳамда уларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари учун юқори қувватли нефтгаз ускуналари “Ўзбекхиммаш Заводи” АЖ томонидан етказиб берилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида мазкур корхона билан умумий қиймати 60 млрд. сўмдан зиёд 100 дан ортиқ турдаги маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.

“Ўзбекнефтегаз” АЖ департаментлари ходимлари, тизимдаги барча корхоналарнинг бош механиклари ҳамда “Ўзбекхиммаш Заводи” АЖ раҳбар ва мутахассислари иштирокида видеоконференцалоқа орқали буюртмаларда маҳсулот сифатини ошириш, уларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Муҳокамалар бевосита “Ўзбекхиммаш Заводи” АЖ ишлаб чиқариш объектларида давом эттирилди. Ташриф давомида буюртмалар портфели бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ кўздан кечирилди, аниқлаган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқарувчи олдига тегишли талаблар қўйилди.

Учрашув якунларига кўра мавжуд масалаларни ҳал қилиш бўйича ижрочилар ва уларни амалга ошириш бўйича қатъий муддатлар белгилаб олиниб, тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: “Ўзбекхиммаш Заводи” АЖ Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган бўлиб, у 1941 йилда ташкил этилган. Корхона уставидаги давлат улуши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.07.2019 йилдаги ПҚ–4388-сонли қарори асосида Давлат активларини бошқариш агентлигига берилган. Корхона ёқилғи-энергетика корхоналари учун катта ҳажмдаги идишлар, теплообменниклар, фильтрлар, адсорберлар, насослар каби йирик қувватли ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|