“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳисобига импорт ҳажми қисқартирилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги ПҚ–4812-сонли “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори белгиланган талаблардан келиб чиқиб “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 мартдаги 136-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурида жорий йилнинг I чорагида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 16 та лойиҳа бўйича 142,2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, режа кўрсаткичлари 105,2 фоизга бажарилди.

Шу жумладан, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида Евро 4-5 маркали дизель ёқилғиси (маҳаллийлаштириш даражаси 36 фоиз), “Муборак” газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ (100 фоиз), “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖда “Х-500/37” ва “ЦМ-400/210” русумли насослар (37 фоиз), ҳавони совутиш аппаратлари (50 фоиз) ишлаб чиқарилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан тизим корхоналари эҳтиёжлари учун илгари импортдан келтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан ностандарт ва шаффоф усулларда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.

Айнан шу ишлар натижасида 2021 йилнинг I чорагида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг қиймати 85,1 млн долларлик маҳсулотлар импорти ўрни қопланиб, режа 156,7 фоизга бажарилди, шу жумладан 75,3 млн доллари – маҳаллийлаштириш ҳисобига ва 9,8 млн доллари – тармоқлараро коорперация ҳисобига.

Жорий йилнинг II чораги якунларига кўра, импортни қисқартириш дастури бўйича 122,6 млн доллар ёки режага нисбатан 100,1 фоиз маҳсулотлар импорти қисқартирилишига эришиш кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида “тармоқ-ҳудуд” принципи асосида бевосита ишлаб чиқарувчи ва сотиб олувчи ўртасида энг қисқа фурсатларда, ўртада бирор-бир воситачиларсиз алоқаларни йўлга қўйиш масаласига жиддий эътибор берилмоқда.

Бунда республика ягона электрон кооперация портали негизида тармоқнинг Виртуал кўргазмаси (ung.cooperation.uz) асосида ишлар ташкил этилаётган бўлиб, унда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2021 йилда ўз эҳтиёжлари учун сотиб олишга мўлжалланган товар-моддий бойликлар рўйхати барча техник кўрсаткичлари билан тўлиқ келтирилган.

Олиб борилган ишлар натижасида, 2021 йилнинг I чорагида электрон кооперация портали орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ умумий қиймати 31,7 млрд сўмлик 281 та шартномалар имзоланган бўлиб, бунда республиканинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри бўйича жами 30 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқалари ўрнатилган.

Шу билан бир қаторда, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим корхоналари бўйича кенг кўламли маълумотларни бериб бориш, тизим фаолити шаффофлигини таъминлаш мақсадида корхонананинг бош офисида ўзига хос доимий фаолият юритувчи кўргазма стендини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур кўргазма стендида маҳсулотларни ўзлаштириш истагини билдирган тадбиркорлар учун павильоннинг ўзида оператив режимда барча зарур маъломотлар тақдим этиш имконияти яратилган, шу жумладан маҳсулотнинг кўриниши, тури, маркаси, техник хусусиятлари, ўртача нархи, техник талабномаси шу ернинг ўзида тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг ноябрь ойида Қарши шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг доимий фаолият юритувчи маҳаллийлаштириш ва кооперация павильони фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ўтган давр мобайнида павильонга 500 дан ортиқ тадбиркорлар ва турли хил жамоатчилик вакилларининг ташрифи амалга оширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|