“Ўзбекнефтгаз”: Таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш мақсадида Тошкент кимё-технология институти билан англашув Меморандуми имзоланди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ–3151-сонли “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 12 августдаги ПҚ–4805-сонли “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Тошкент кимё-технология институти ўртасида таълим ва тадқиқот соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида имзоланган англашув Меморандуми ҳам ана шундай тадбирлардан биридир.

Меморандумнинг мақсади – томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш орқали назарий ва амалий билимларни уйғунлаштириш, талабаларни ўқитишда таълим сифатини ошириш, келгусида ёшлардан етук мутахассис кадрлар тайёрлашдан иборат.

Ҳамкорлик доирасида илмий-педагог кадрлар, малакали мутахассислар иштирокида қисқа муддатли курслар, касбий семинарлар, бизнес ўйинлар, тренинглар, илмий фанлар бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади.

Шунингдек, талабалар, илмий ишлар олиб бораётган педагогларга амалиётларни ўташ, республика ва хорижий мамлакатларда малака ошириш ҳамда касбий қайта тайёрлашни ташкил этишда кўмаклашилади.

Ишлаб чиқаришни оптималлаштириш ва технологик жараёнларда юзага келадиган илмий-инновацион муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун томонларнинг профессор-ўқитувчи кадрлари, таянч докторант, докторант, ёш олимлар ва тадқиқотчиларини жалб этган ҳолда қўшма тадқиқотлар ва ишлаб чиқариш синовларини биргаликда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Меморандум доирасида бўлғуси кадрларни рағбатлантириш ва стимуллаштириш мақсадида, танловлар, спорт мусобақалари, ижодий ва мутахассисликка оид кечалар каби оммавий ёшлар тадбирлари ўтказиб борилади.

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида, докторант, таянч докторантлар, мустақил изланувчи ва изланувчиларга иккиталик илмий раҳбарликни ташкил қилиш имкони яратилди. Бунда, биринчи илмий раҳбар институт томонидан, иккинчи раҳбар эса ишлаб чиқариш корхоналарининг етук мутахассислари томонидан тайинланади.

Қолаверса, келгусида ишлаб чиқариш корхонаси билан институт ҳамкорлигида қўшма илмий тадқиқот лойиҳалари, қўшма илмий ишланмалар бўйича хўжалик шартномалари тузилади. Ишлаб чиқариш корхоналари ходимларини илмий изланиш (PhD, DSc) тадқиқотларини жалб этган ҳолда қўшма раҳбарликда соҳага оид тадқиқот ўтказиш ҳамда амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган давлат грантларида қатнашилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|