“Ўзбекнефтгаз”: Бухгалтерия ходимлари “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асослари” ўқув курсини муваффақиятли якунлашди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Аввал хабар берганимиздек, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Марказий аппаратида фаолият олиб борувчи бухгалтерия ходимлари учун 2020 йилнинг 25 ноябридан “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асослари” ўқув курси бўйича машғулотлар бошланган эди.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти, Жамиятнинг молиявий ҳолати ва натижаларини МҲХС асосида шаффоф ва ишончли тақдим этилишида мутахассисларнинг муҳим роль ўйнаши ҳамда уларнинг замонавий билимга эга бўлишидан манфаатдордир.

Шу сабабли, Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан, мутахассисларни Жамият ҳисобидан ўқитиш ҳамда сертификатга эга бўлган мутахассисларни доимий равишда моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш йўлга қўйилган.

Ўз навбатида мазкур тадбирлар, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 февралда тасдиқланган ПҚ–4611-сон Қарордаги айнан стратегик аҳамиятдаги корхона ходимларини МҲХС бўйича билим олишига ва уларни ушбу курсларда ўқитиш бўйича талабларнинг бажарилишига асос бўлиб хизмат қилади.

2020 йилнинг 25 ноябридан жорий йилнинг 4 февралига қадар Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаментининг 20 дан ортиқ ходимлари “МҲХС асослари” ўқув курсида билимларини оширишди. Машғулотлар “Profi Training” Бизнес-мактабининг маҳоратли бизнес-тренери Александра Толмачёва томонидан ўтказилди.

Мазкур ўқув курсида мутахассислар МҲХС асосида молиявий ҳисоботларнинг тақдим этилиши (IAS 1), тушумнинг тан олиниши (IFRS 15), ҳисоб цикли ва трансформация жадвалини тузиш, пул маблағлари ва дебиторлик қарзларининг ҳисобини юритиш (IAS 32), товар-моддий захиралар (IAS 2), асосий воситалар (IAS 16) мавзусидаги маърузаларни тинглашди.

Бундан ташқари, номоддий активларнинг (IAS 38) тан олиниши ва баҳоланиши, хусусий капитални шакллантириш, пулнинг вақт қиймати асосида ижара ва бошқа мажбуриятлар ҳисобини юритиш (IFRS 16), молиявий инструментларни тан олиш ва ёритиб бериш (IFRS 7, IFRS 9) ҳақидаги машғулотлар мутахассисларнинг билимларини янада мустаҳкамлади.

Шунингдек, фойда солиғи ҳисоби (IAS 12), пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни тузиш (IAS 7), валюта курсларининг ўзгаришини ҳисоботда акс эттириш (IAS 21), ҳисоботда баҳоланган резервлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активларни акс эттириш (IAS 37) ҳамда молиявий ҳисоботда ҳисоб сиёсати ва ҳисобот санасидан кейинги муҳим ҳодисалар мазмунини ёритиб бериш (IAS 8, IAS 10) хусусиятларини тўлиқ ўзлаштириш имконига эга бўлишди.

Маълумот учун:

IAS (International Accounting Standards) – бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари.

IFRS (International Financial Reporting Standards) – молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари.

Изоҳ: 2005 йилдан бошлаб бухгалтерия ҳисоби стандартлари “молиявий ҳисоботнинг стандартлари” дея атала бошланди.

Ўқув тренинг якунида ходимлар синов имтиҳони топширишди ва аксарият мутахассислар ижобий кўрсаткичларга эга бўлишди ҳамда уларга “Profi Training” Бизнес-мактаби томонидан сертификатлар тақдим этилди. Уларга “МҲХС бўйича чуқурлашган курс” ёки DipIFR дипломини олиш учун ўқув курсига тавсиянома берилди.

“– МҲХС асослари” ўқув курси давомида биз ўзимиз учун бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг жуда кўп янги қирраларини билиб олдик. Ўқув курсида олган билим ва кўникмаларимизда, албатта, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХС асосида тузиладиган алоҳида ва консолидациялашган молиявий ҳисоботини шакллантиришда бевосита қўллай оламиз”, – дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг бош бухгалтери – Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти бошлиғи Иқбол Обидов.

Ўқув тренинг жараёнларида фаол қатнашган ва юқори кўрсаткичларга эга бўлган мутахассисларга бизнес-мактабнинг алоҳида совринлари топширилди.

МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|