“Ўзбекнефтгаз”: Савдодан тушган соф тушум ва фойда молиявий ҳисоботлар орқали кенг оммага етказилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунинг 102-моддасига мувофиқ, акциядорлик жамиятлари 2016 йилдан буён Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботларини Халқаро аудит стандартлари (ХАС) асосида ташқи аудитдан ўтказади. Қонунчиликка кўра, шундан сўнг ҳисоботлар акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин эълон қилиши шарт қилиб белгилаб қўйилган.

Мазкур қонун талабларини бажариш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан МҲХС асосида 2015–2016 йиллар учун (дастлабки қўлланилиши) ҳамда 2017 ва 2018 йиллар учун ўзининг алоҳида молиявий ҳисоботини тайёрлаб, республикамиздаги нуфузли аудиторлик ташкилотлари томонидан ХАС талаблари асосида аудитдан ўтказиб келмоқда.

Маълумот учун: МҲХС асосида тузилган барча молиявий ҳисоботлар расмий веб-сайтда (www.ung.uz) эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 9 июлда ПҚ–4388-сон билан имзоланган “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон билан тасдиқланган “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида,“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда, консолидациялашган молиявий ҳисоботи аудитдан ўтказиб келинмоқда.

Маълумот учун: “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2016–2019 йиллар учун МҲХС асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот ва Ernst & Young халқаро аудиторлик компанияси томонидан берилган ижобий аудиторлик хулосалари расмий веб-сайтда эълон қилинган.

Акциядорлик жамиятлари томонидан МҲХС асосида тузилган алоҳида ва консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва уни аудитдан ўтказиш нима учун керак?

Консолидациялашган молиявий ҳисобот – бош корхона ва унинг шўъба корхоналари ҳамда унинг таъсири остидаги корхоналар (шу жумладан, қўшма корхоналар ҳам) молиявий ҳисоботларини жамлаш ва ягона бизнес кўрсатувчи бирлик сифатида акс эттириш демакдир.

Маълумки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ алоҳида юридик шахс сифатида бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ ўзининг молиявий ҳисоботини тузиб тақдим этади.
Аммо молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ, бирдан ортиқ шўъба ва таъсир остидаги корхонаси мавжуд бўлган ташкилотлар, албатта, консолидациялашган молиявий ҳисобот тузиши ва уни кенг оммага эълон қилиши шарт.

Юқорида қайд этилган қонун ва 27-сонли МҲХСга мувофиқ, консолидациялашган молиявий ҳисобот тузувчи ташкилотлар шунинг билан бирга, ўзининг алоҳида молиявий ҳисоботини (фақат ўзининг хўжалик фаолияти бўйича) халқаро стандартларга асосан тузишлари ва фойдаланувчиларга тақдим этишлари зарур.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йил 9 июлда қабул қилинган ПҚ–4388-сонли Қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибий тузилмасида алоҳида “МҲХСни жорий этиш” бўлими ташкил этилиб, Жамиятнинг МҲХС асосидаги 2019 йил учун алоҳида молиявий ҳисоботи мазкур бўлим ходимлари томонидан мустақил равишда рус ва инглиз тилларида тузилди.

Тузилган молиявий ҳисобот жаҳон миқёсида етакчи ўринларда бўлган “HLB International” халқаро консалтинг ва аудиторлик ташкилоти тизими аъзоси бўлган “HLB Tashkent” аудиторлик ташкилоти томонидан ХАС талаблари асосида аудитдан ўтказилди.

Маълумки, штаб квартираси Лондонда жойлашган "HLB International" – бу мустақил консалтинг ва аудиторлик ташкилотларининг глобал тармоғи бўлиб, ўз сафида дунёдаги 158 та мамлакатнинг ташкилотлари аъзоларини бирлаштиради. "HLB International" жаҳон миқёсида ўрта даражадаги етакчи аудиторлик тармоғи ҳисобланади ва 2020 йил 1 январь ҳолатида ушбу тармоқнинг умумий даромади 2,93 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Жорий йилнинг 31 январида “HLB Tashkent” аудиторлик ташкилоти “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг МҲХС асосида 2019 йил учун тузилган алоҳида молиявий ҳисоботи бўйича ижобий аудиторлик хулосасини берди.

Мазкур молиявий ҳисоботнинг олдинги йиллардаги ҳисоботлардан фарқли жиҳати шундаки, 2019 йил 9 июлдаги ПҚ–4388-сонли Президент Қарорига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 августида 5 та нефть ва газ қазиб чиқарувчи корхоналар юридик шахс сифатида тугатилиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖга қўшиб юборилди. Ушбу санагача “Ўзбекнефтгаз” АЖ фақатгина ижро аппарати сифатида бевосита ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланмаган. Аммо 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб тўлақонли йирик нефть ва газ қазиб олувчи ҳамда газни қайта ишлаб чиқарувчи корхона сифатида фаолият юритиб, хўжалик фаолияти операциялари кўлами жуда кенгайиб кетди.

Бевосита, молиявий ҳисобот кўрсаткичларига эътибор берадиган бўлсак, 2019 йил давомида, яъни 5 ой ичида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг сотишдан тушган соф тушуми 4 323 млрд сўмни ва соф фойдаси 208,65 млрд сўмни, соф активлари (жами активлардан мажбуриятларнинг айирмаси) эса 15 707 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2 бараварга ошган.

МҲХС асосида тузилган молиявий ҳисоботда катта суммада соф фойда акс эттирилиши ва соф активларнинг ошиши жамият учун сезиларли ютуқ нишонаси бўлиб ҳисобланади.

МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|