“Ўзбекнефтгаз”: Мини-футбол бўйича тизимдаги ташкилотлар ўртасида ўтказилган турнир ғолиби аниқланди (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилнинг 30 октябрь куни “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида тизимдаги барча корхоналарда оммавий спорт билан шуғулланишга шароит яратиб берилмоқда.

Тизим корхоналарида фаолият юритаётган барча ходимлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида мини-футбол бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси кубоги турнири ташкил қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизимидаги барча корхона-ташкилотларнинг ходимларидан иборат 32 та жамоа ғолиблик учун куч синашишди.

Финал босқичига қадар барча рақибларини мағлубиятга учратган “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” ва “Uzbekneftgaz GTL” жамоалари 3-ўрин учун куч синашишди ва якунда “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” ғалаба қозонди.

Финалда ўзаро рўбаро келган “Кучлик нефть базаси” ва “Термиз нефть базаси” жамоалари ўртасидаги учрашув тенг курашлар остида ўтди. Ҳужумкор ўйин намойиш қилган “Кучлик нефть базаси” аъзолари турнир ғолиблигини қўлга киритишди.

Илк маротаба ташкил этилган турнир кубогига “Кучлик нефть базаси” эгалик қиладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси томонидан тизимдаги барча корхона-ташкилотларда технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб оммавий спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|