“Ўзбекнефтгаз”: Украинанинг “Мотор Сич” компаниясида Газ ҳайдаш агрегатлари капитал таъмирланди

Бош саҳифа Русский

Республикамиз истеъмолчиларига табиий газни барқарор ва узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан нефть ва газ қазиб чиқарувчи бошқармаларни ишлаб чиқариш қувватлари оширилмоқда.

Хусусан, жамиятга тегишли бўлган 2 та “АИ-336-2-8” ва 1 та “Д-336-2” русумли газ турбинали двигателлар қисқа вақт ичида Украинанинг “Мотор Сич” АЖ компанияси билан тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга асосан капитал таъмирланиб олиб келинди.

Ушбу 3 та газ турбинали двигателлар капитал таъмирлаш ва синов ишларидан сўнг Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан қабул қилиб олинди. Ишлаб чиқарувчи заводнинг махсус йўриқномасига асосан белгиланган вақтдан олдин тез ва сифатли тарзда “Помуқ” сиқув компрессор станциясининг 100 ва 300-сонли газ ҳайдаш агрегатларига ҳамда “Кўкдумалоқ” мажмуасидаги 3-сонли йиғув пунктидаги сиқув компрессор станциясининг 200-сонли газ ҳайдаш агрегатига ўрнатилиб, ишга қўшилди.

“Помуқ” сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси “Помуқ” ва “Гирсан-Чўлқувар” конларини паст босимли табиий газларни тез ва самарали магистрал газ қувурига етказиб беришдан иборат.

“Кўкдумалоқ” мажмуасидаги 3-сонли йиғув пунктидаги Сиқув компрессор станцияси қудуқлардан келаётган паст босимли газларни 2-, 3-сонли сиқув компрессор станцияларга етказиб бериш вазифасини бажаради.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки “Помуқ” сиқув компрессор станциясидаги битта газ ҳайдаш агрегатининг тўхтаб қолиши кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 2,750 млн куб метрга, “Кўкдумалоқ” мажмуасидаги 3-сонли йиғув пунктидаги сиқув компрессор станциясидаги 1 та газ ҳайдаш агрегатининг тўхтаб қолиши эса суткасига 1,250 млн куб метр табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига олиб келади.

Шунингдек, юқорида кўрсатилган ишларни бажариш ва газ ҳайдаш агрегати фавқулодда аварияли ҳолатда тўхтаб қолган вақтда газ қисқаришини олдини олиш мақсадида қисқа муддатда ишга қўшиб юбориш учун захира агрегати билан таъминланади.

Маълумот учун: “Помуқ” сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 4 та газ ҳайдаш агрегатлари мавжуд ва йилига 2,0 млрд куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга. Ушбу станциядаги газ ҳайдаш агрегатларига Украина давлатининг “Мотор Сич” АЖ да ишлаб чиқарилган АИ-336-2-8 русумли газтурбинали двигателлар ўрнатилиб, 2008 йилда ишга туширилган.

“Кўкдумалоқ” 3-сонли йиғув пункти сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 2 та газ ҳайдаш агрегатлари мавжуд ва йилига 875 млн куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга. Ушбу станциядаги газ ҳайдаш агрегатларига Украина давлатининг “Мотор Сич” АЖ да ишлаб чиқарилган Д-336-2 русумли газ турбинали двигателлар ўрнатилиб, 2009 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|