December 21, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: “Узуншор” конидан “Сомонтепа” конигача 22 км узунликдаги газ қувури ўрнатилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан конлардаги табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқариш ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, чора-тадбирлар доирасида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Тегирмон” конлари гуруҳи табиий газ йиғиш ва узатиш тизимини модернизация қилиш лойиҳасининг 2-босқичи ҳам амалга оширилди.

“Тегирмон” гуруҳи ва “Узуншор” газ конларидан қазиб чиқарилаётган табиий газ узатиш тизимининг модернизацияси қувурлар қувватини ошириш орқали қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида “Узуншор” конидан “Сомонтепа” конигача диаметри 219 мм бўлган 22 км узунликдаги газ қувури қурилиб, ишга туширилди.

Лойиҳа учун зарур бўлган қувурлар Россия металлургия компанияси – “ТМК” томонидан етказиб берилди. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу компания Россиянинг энг йирик қувур ишлаб чиқарувчиси бўлиб, глобал қувур бизнесида етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Қурилиш-монтаж ишлари “Нефтгазмонтаж” МЧЖ нинг малакали қурувчилари томонидан амалга оширилди.

“Тегирмон” конидаги газ қувурини ўрнатишда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли конларда фаолият олиб борувчи барча ишчилар иштирок этишди. Қишнинг чўл ҳудудидаги аёзли кунларига қарамай, республика аҳолисини табиий газ билан барқарор таъминлашни мақсад қилган ишчиларнинг машаққатли меҳнати туфайли қувурни қисқа муддатда қуриб ишга туширишга эришилди.

Ушбу газ қувурининг фойдаланишга топшириш билан газ узатиш қувватларини оширишга, гидравлик қаршиликлар ва қувурлардаги босим йўқотишларининг олди олинади. Шунингдек, “Ғарбий Тегирмон”, “Шимолий Тегирмон” ва “Узуншор” каби истиқболли конларида бурғилаш ишлари режалаштирилаётган қудуқлардан қазиб олинадиган табиий газни узатиш имконияти ошади.

Бундан ташқари кондаги газ қазиб олинувчи қудуқларнинг техник кўрсаткичларини оптималлаштириш ишлари ҳам олиб борилиб, кунлик қўшимча қазиб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эришилади.

Маълумот учун: “Тегирмон” кони Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳудудида жойлашган булиб, 2019 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|