“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси мавжуд муаммо ва шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги кон раҳбарлари билан учрашди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2020 йил октябрь ойи ва 10 ойлик нефть, газ, конденсат қазиб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиш таҳлили ҳамда йил якунига қадар қазиб чиқаришга оид чора-тадбирларни амалга оширилиши юзасидан конлар бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Бошқарма тасарруфидаги ҳозирги кунда ишлатилаётган 26 нафар нефть ва газ конларининг бошлиқлари билан ҳар бир кон бўйича, ҳар бир қудуқ кесимида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, кондаги қазиб чиқариш жараёнлари, қудуқлардан қазиб олинаётган табиий газ ва суюқ углеводородлар кўрсаткичлари, қудуқларни бурғилаш, капитал таъмирлаш ишлари муҳокама қилинди.

Бошқарув раиси ҳозирги вақтда ҳукумат томонидан нефть-газ соҳасига алоҳида эътибор ва амалий ёрдам берилаётгани, барча имконият ва шароитлар яратилганини таъкидлаб ўтди. Ўз ўрнида куз-қиш мавсумида барча қурилма-объектлар ишлашининг узлуксизлигини таъминлаш, қиш мавсумида табиий газ етказиб беришни устувор вазифа деб билиб, мавжуд ресурсларни максимал жалб қилиш, кўрсаткичларни сўзсиз бажариш бўйича топшириқлар берилди.

Кон бошлиқлари ва конлардаги муҳандис техник ходимлар, қудуқлар кузатувчилари томонидан кечаю кундуз ташкил этилган назоратни янада кучайтириш, вазифани виждонан ва ташаббус билан олиб бориш, қазиб чиқариш кўрсаткичлари тушиб кетишининг олдини олиш, режа бажарилишида конлардаги ишчи ходимларни моддий рағбатлантириш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2020 йилда режалаштирилган қудуқларни бурғилаш ишларини ўз вақтида тугатиш, қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш юзасидан қўшимча тадбирларни ишлаб чиқиш, ҳозирда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган қудуқларни сифатли таъмирлаш ва самарадорлигини ошириш масалаларига оид муҳокама бўлиб ўтди. Бошқарув раиси қурилиш олиб борилаётган майдонлардаги ҳолатни ҳам жойига чиққан ҳолда ўрганди.

Масъул раҳбарларга яна бир бор, карантин чекловлари бекор қилинмагани, балки юмшатилганини ёдда тутиш лозимлиги, унга қатъий амал қилган ҳолда қазиб чиқариш жараёнлари ҳамда лойиҳа доирасидаги ишларни амалга оширишда касалликни олдини олиб иш жараёнини олиб бориш бўйича топшириқ ва вазифалар берилди.

Штаб йиғилиши давомида мажмуа, кон, цехлар билан бўлган мулоқотда ишлаб чиқариш жараёнида жойларда мавжуд муаммолар ва тезкор бажарилиши лозим бўлган масалалар тўғрисида тегишли масъул ходимларга белгиланган муддатда ижросини таъминлаш айтиб ўтилди.

Конлардаги мавжуд муаммо ва шарт-шароитлар, озиқ-овқат сифатини янада яхшилаш ва унинг таркибини доимий назорат қилиш, бу йўналишда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг манфаатдор бўлиши учун барча шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” бошқарма тасарруфидаги “Алан" ва “Зеварда” конларидаги паст босимли сиқув компрессор станцияларидаги қурилиш жараёни, бурғилаш ҳамда капитал таъмирлашдаги қудуқларда олиб борилаётган иш ҳолати билан танишиб чиқди.

Қурилиш майдонида – компрессор станция учун келтирилган ва етказиб берилаётган эҳтиёт қисмлар, жиҳозлар, асбоб-ускуналар ўрнатилиши, монтаж ишлари ўрганиб чиқилди.

Шундан сўнг, “Зеварда” конида ташкил этилган штабда дастур асосида қурилиши олиб борилаётган “Алан”, “Зеварда”, “Денгизкўл” сиқув компрессор станцияларининг пудратчи ташкилот раҳбар ва ижрочилари томонидан объектларда олиб борилаётган қурилиш ишлари ва ҳолати бўйича ҳисобот тингланди.

Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги йиғилишда қурилиши олиб борилаётган станцияларда ҳамда бошқа қурилма объектларни белгиланган муддатларда сифатли ишга тушириш, барча имкониятларни жалб қилиш, муаммоли масалалар ва уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди ва ўз вақтида ишларни якунлаш вазифаси юклатилди.

Бошқарув раиси томонидан пандемия даврида иш майдонида назоратни кучайтириш, барча техника хавфсизлиги коидаларига қатьий риоя қилиш, иш жойларини тез-тез дизенфекция қилиш, огоҳликни ошириш, ишчи ходимлар орасида инфекция тарқалишини олдини олиш чораларини кўриш буйича корхона раҳбари ва пудратчи ҳамкорлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|