“Ўзбекнефтгаз”: Мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш, уларда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзига хос тизим шакллантирилган

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт экани белгилаб қўйилган. Ушбу конституциявий қоидани амалга ошириш мақсадида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишлар самарадорлигини юксалтиришда катта аҳамият касб этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш, уларда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзига хос тизим шакллантирилган бўлиб, бу борада олиб борилаётган ишлар Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг қатъий назоратига олинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖга 2021 йилнинг биринчи чорагида келиб тушган мурожаатлар бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги таҳлилларга кўра, Жисмоний ва юридик шахслардан жами 527 та мурожаатлар келиб тушди. Бошқарув аппарати билан ишлаш департаментининг маълум қилишича, ушбу мурожаатлар рўйхатга олинган, барчаси ўрнатилган тартибда тааллуқлилиги бўйича Бошқарув раисининг ўринбосарлари, департамент ва бўлим бошлиқлари, жамият тизимидаги ташкилотлар раҳбарларига етказилиб, уларнинг ижроси учун масъул этиб белгиланган мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви аппарати, унинг тасарруфидаги ташкилот ва корхоналарга жами 527 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлардан, 22 таси (4%) юридик шахслар ва 505 таси (96%) жисмоний шахслардан келиб тушган.

Шулардан:

• 346 таси (66%) электрон;

• 151 таси (28%) ёзма;

• 30 таси (6%) оғзаки мурожаатлар.

Келиб тушган мурожаатларнинг 250 таси (47%) ишга кириш, 55 таси (10%) меҳнат муносабатлари, 50 таси (9%) иш ҳақи ва моддий ёрдам кўрсатиш, 20 таси (4%) ёқилғи, 8 таси (2%) газ таъминоти, 144 таси (27%) бошқа масалаларни ташкил этди.

Мурожаатларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, 275 таси (52%) Қашқадарё, 82 таси (16%) Бухоро, 34 таси (6%) Жиззах, 21 таси (4%) Фарғона, 12 таси (2%) Сурхондарё вилоятлари ҳамда 52 таси (10%) Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролардан келиб тушганини кўриш мумкин.

Мурожаатларнинг аксарият қисми жамиятнинг ижроия аппаратида ҳал этилган. Кўриб чиқилган 527 та мурожаатлардан, 192 таси қаноатлантирилди, 12 таси тааллуқлилиги бўйича ижро учун юборилган, 252 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 54 таси ўрганиб чиқилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналаридан жами 269 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улардан 234 таси ижроси таъминланди, 35 таси кўриб чиқилмоқда.

Департаментлар ва бўлимлар билан ҳамкорликда иш юритиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш юзасидан барча зарурий чоралар кўриб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|