January 1, 2022

Янги йил табриги

Бош саҳифа Русский

Ҳурматли ватандошлар!

Сизни, кириб келаётган 2022 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ўтиб бораётган 2021 йил бир сўз билан айтсам, бизни тоблади. Ўзимизга ишончни шакллантирди. Бутун дунёни изоляция қилган пандемия, ҳар қандай вазиятда фақат ўз билимимиз, тажрибамиз, меҳнатимиз бизга кўмакчи бўлишини исботлади. Қатъий интилиш ва машаққатли меҳнатимиз билан, барчамиз биргаликда мураккаб синов ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, янги ва замонавий, юқори технологик мажмума, кимё кластери – “Uzbekistan GTL” заводини барпо этишга эришдик. Унинг қурилиши давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлгани бизга мадад бўлди.

Айниқса, коронавирус пандемияси даврида 10 мингдан ортиқ ишчи карантин талабларига қатъий амал қилиб, узоқ вақт оиласи, яқинларидан олисда тўхтовсиз ишлаб, ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатди. Бу меҳнатимиз билан мамлакатимиз фахрига айландик.

Гувоҳи бўлганигиздек, завод ҳам қиймати, ҳам миқёсига кўра улкан. Унинг қиймати 3 миллиард 420 миллион АҚШ доллари, у йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаб, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрлаш қувватига эга.

Заводнинг ишга туширилиши келгусида нефть ва газ қазиб чиқариш ҳажмини янада оширишни талаб этади. Демак келгуси йилдаги асосий мақсадларимиздан бири геология йўналишда янги марраларни ишғол қилишдир. Шу боис кириб келаётган йил “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида “2022 йил – Геология ва излов-қидирув йили”, деб эълон қилинди.

Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолини табиий газ ва нефть маҳсулотлари билан таъминлаш корхонамиз олдида турган муҳим вазифадир.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни келгуси йилда “Ўзбекнефтгаз” жамияти ўз олдига қўйган режалар билан таништирсам.

• 34,1 млрд куб метр табиий газ, 1 424,0 минг тонна газ конденсати 117,0 минг тонна нефт қазиб чиқариш;

• 889,0 минг тонна автобензин, 499,2 минг тонна дизель ёнилғиси, 652,5 минг тонна суюлтирилган газ, 133,0 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқаришни таъминлаш.

• экспорт – 459,5 млн доллар, маҳаллийлаштириш дастури доирасида маҳсулот ишлаб чиқариш – 3,6 трлн сўм, импортни қисқартириш – 335,3 млн долларга таъминлаш;

• инвестиция дастури доирасида 1 207,5 млн доллар ўзлаштириш вазифалари белгилаб олинди.

Кириб келаётган янги йилда барча кучларни сафарбар қилиб, нефть ва газ тизимидаги мавжуд имкониятларни янада кўпроқ рўёбга чиқарамиз.

Яна бир бор муваффақиятларимизда муносиб ҳисса қўшган барча мутахассислар, фидойи бурғиловчилар, таъмирловчи, қурувчи, муҳандис ва лойиҳачилар, ишчи-хизматчилар ва хоржий ҳамкорларимизга самимий миннатдорчилик билдираман.

Кириб келаётган янги йилда барчангизга соғлик-саломатлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, бахту омад тилайман.

Юртимизда доимо тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурсин!

Ҳурмат билан,

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев