December 10, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ корхоналарида коррупцияга қарши ҳафталик ўтказилди

Бош саҳифа Русский

9 декабрь – “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган коррупцияга қарши ҳафталик доирасида тизим корхоналарда ўқув семинарлари ўтказилди.

Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқиёсда трансмиллий жиноят сифатида халқаро ташкилотлар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.

Давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида коррупцияга қарши комплаенс тизими фаолият юритмоқда.

Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан, Жамият тизим корхоналарида 9 декабр “Халқаро коррупцияга қарши курашиш” кунига бағишланган коррупцияга қарши ҳафталик ташкил этилди.

Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига кирувчи 4 та нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, 14 та нефть базаларда, 3 та нефть ва газ қайта ишлаш заводларида, “Шўртан газ-кимё мажмуаси”, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ ва бошқа корхоналарда “Коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувини бошқариш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар” мавзусида ўқув семинарлари ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Жумладан, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖда давра суҳбатида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакилларида иштирокида тегишли мавзудаги қўлланма ва кўргазмавий материаллар тайёрланди. Унда Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ҳудудий инспекторлари бошчилигида Корхона раҳхар ва ишчи ходимлар иштирокида коррупцияга қарши курашиш механизмлари ҳусусиятлари, уларнинг ҳар бир ходим фаолиятида, қолаверса жамиятнинг ҳар бир жабҳасида тутган ўрни ҳамда инсонлар онгида коррупцияга нисбатан танқидий руҳни тарбиялаш мухимлиги тўғрисида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, суҳбат сўнггида иштирокчилар билан интерактив кўринишда савол-жавоблар ўтказилди.

Муборак газни қайта ишлаш заводида раҳбар ва масъул ходимлар ва ҳудудий комплаенс инспекторлари томонидан, завод ишчи ходимлари билан бўлиб ўтган давра суҳбатида, республикамизда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати ва унга асосан давлат бошқаруви органлари, давлат ташкилотлари ва давлат корхоналарида тадбиқ этилаётган соҳага оид чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Шу билан бирга коррупцияга қарши комплаенс назорати соҳаси тўғрисида такрорий ўқув машғулот ўтказилиб, моҳияти ва механизми тўғрисида яна бир бор тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, нефть базаларида коррупция хавфи юқори бўлган, нефть маҳсулотларини реализация қилиш жараёнида нафақат комплаенс назоратни, балки жамоатчилик назоратини ҳам тегишли даражада ташкил этиш муҳимлиги тўғрисида тушунтиришлар берилиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан “Янги Ўзбекистон”да коррупция билан курашишга қаратилаётган эътибор, қолаверса юртбошимизнинг “Коррупцияга қарши жамоатчилик билан бирга курашишимиз лозим” деган сўзлари бу соҳадаги илғор қадамлар амалга оширилаётганидан дарак беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти