“Ўзбекнефтгаз”: Антикоррупцион ҳафталик доирасида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Бугун, 3 декабрь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Нарбаева томонидан тасдиқланган “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган “Очиқ эшиклар куни” тадбири бошланди.

Антикоррупцион ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятида очиқликни таъминлаш, коррупцион хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, соҳада замонавий антикоррупцион тизимларнинг жорий этилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилади.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари Жамиятда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлишди.

Бундан ташқари, Молиявий ва комплаенс назорат департаменти раҳбари Заҳиддин Иватов ва Персонални бошқариш департаменти Анвар Авезов иштирокчиларга ортда қолган даврда қилинган ишлар бўйича ҳисоботларни тақдим қилдилар.

Таъкидлаш керакки, коррупцияга қарши кураш йўлида “Ўзбекнефтгаз” АЖда олиб борилаётган ишлар ўз самарасини берди. Коррупциянинг ҳолатларини буткул тугатиш мақсадида, аввало, уни яратувчи омилларни бартараф этиш, профилактика-тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, иш жараёнида инсон омилини қисқартириш, “коплаенс назорат”ни кучайтиришга эътибор қаратилди.

Журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари “Очиқ эшиклар куни” доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Шунингдек, соҳа вакиллари ҳам коррупцияга қарши курашиш учун қилинаётган ишларни янада самаралироқ бўлиши йўлида ўз таклиф ва мулоҳазаларини илгари суришди.

Тадбир сўнггида тизимда коррупция ва бошқа салбий иллатларни бартараф этиш борасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ҳамкорликда комплекс чора-тадбирлар қилинишига келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ–4664-сон Қарорига асосан, “KPMG” халқаро аудиторлик ва консалтинг компанияси билан ҳамкорликда тизимидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими жорий этилмоқда.

Жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖда “Молиявий ва комплаенс назорати” департаменти фаолияти ташкил этилди ва департаментнинг асосий вазифаси этиб тизимдаги молиявий қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш, келгусида йўл қўйилишининг олдини олиш, Жамият бошқарувини ишончли ахборот билан таъминлашдан иборат қилиб белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|