“Ўзбекнефтгаз”: Корхоналардаги оқова сувлар зарарли моддалардан тозаланиб, қайта фойдаланиши йўлга қўйилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Жамият тасарруфидаги корхоналарда ҳосил бўладиган оқова сувларни имкон қадар қайта ишлатиш даражасигача тозалаб, фойдаланишни йўлга қўйилмоқда.

Бундай чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида, биринчидан – табиатга салбий таъсир камайтирилса, икккинчидан – иқтисодий самарадорликка ва учинчидан – табиий ресурслар, яъни сувдан оқилона фойдаланишга эришилади.

Ҳозирда сувдан фойдаланишда, оқова сувларни тозалашда ва ундан ташқари, янги қурилиш ёки қайта қуриш лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида сувлардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.

2020 йилда корхоналар бўйича жами 22,7 млн куб метр техник сув фойдаланилган бўлиб, 2019 йилга нисбатан (23,8 млн куб метр) 1,1 млн куб метрга кам сарф қилинган.

Ўтган йили “Муборак” газни қайта ишлаш заводидаги саноат оқова сув тозалаш иншооти қурилмаларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада, оқова сувлар таркибидан 252 куб метр нефть маҳсулотлари ушлаб қолинди.

Микробиология институти билан ҳамкорликда маиший оқова сувларни биологик тозалаш самарадорлиги оширилди. Тозаланган оқова сувларга ҳудудий давлат санитар-эпидемиологик назорат марказидан рухсатнома олиниб, доимий мониторинг ўтказилган ҳолда, суғориш мақсадларда ишлатилмоқда. 2020 йилда жами ҳосил бўлган ва тозаланган 193,5 минг куб метр маиший оқова сувларидан 184,03 минг куб метр техник экинларни суғоришда фойдаланилди.

Шўртан газ-кимё мажмуасидаги 152 гектар майдонда барпо этилган дарахтзорларда анъанавий суғориш усулидан воз кечилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Ўтган йилда томчилатиб суғориш орқали 68,4 минг куб метр сув тежалди.

Бундан ташқари, буғ газ-ҳаво таъминоти цехи деминерал сув тайёрлаш ва буғ конденсатини тозалаш қурилмасидаги фильтрларни ювиш жараёнида ҳосил бўлган оқовани қайта ишлатиш орқали, 2020 йил давомида 6,3 минг куб метр сув иқтисод қилинди. Ушбу цехнинг совутиш тизимида лойиҳавий сув сарфи 376 м/соат белгиланган бўлиб, ҳар йили олиб бориладиган тадбирлар натижасида сув сарфи 159,6 м/соатга камайтирилди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида йилига 850,7 минг куб метр ҳосил бўладиган қатлам оқова сувларни атроф-муҳитга зиён етказмасдан, қайта қудуқларга ҳайдаш ишлари олиб борилди. Қатлам сувлари йиғиладиган ҳар бир қудуқ учун тегишли лицензия ҳужжатлари расмийлаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги барча корхоналардаги оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, қайта қуриш ва янги замонавийларини барпо этиш йўли орқали сувни тежашга эришишни янада жадаллаштириш режалаштирилган.

Жамиятга қарашли 10 та корхона Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Атроф-муҳитга юқори ва ўрта хавфли тоифага мансуб 240 та йирик саноат корхоналарида замонавий локал тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича Дастур”га киритилган. Ушбу дастур асосида 4 та корхонада янги қурилиш ва 6 тасида қайта қуриш тадбирлари амалга оширилади.

Дастур доирасида “Uzbekneftegaz GTL” заводида 500 м/соат қувватига эга энг замонавий оқова сувларни тозалаш иншоотини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ҳосил бўладиган минерализациялашган, ёғли, ифлосланган юза сувлари ва маиший оқова сувларни тозалаш уч босқичда олиб борилади.
Биринчи босқичда ҳосил бўлган минерализациялашган оқовалар буғлантирувчи кристализатор қурилмасида тузсизлантирилиб, юқори концентрацияли куб қолдиқлари сувсизлантирилади.

Иккинчи ва учинчи босқич айнан тозалаш иншоотида кетма-кетлик билан амалга оширилади. Бу ерда тозалаш ишлари замонавий қурилмалар орқали механик, физик-кимёвий, биологик усуллар орқали амалга оширилади. Сўнгги босқич тозалаш самараси энг юқори бўлган мембранали биореактор қурилмасида амалга оширилади. Тозаланган оқова сувлари тўлиқ қайта технологияга ишлатиш учун юборилади.

Шунингдек, Шўртан газ кимё мажмуасидаги кунлик 360 куб метр қувватга эга бўлган мавжуд тозалаш иншоотининг ўрнига қуввати кунлик 1000 куб метрни ташкил этадиган замонавий иншоот қуриш режалаштирилган. Ҳозирги кунда лойиҳага асосан, иншоотнинг замонавий тангенциал қум тутгич компакт қурилмаси, темир-бетон конструкцияли оқоваларни қабул қилиш, тақсимлаш, аэротенка, бирламчи ва иккиламчи тиндиргичларни қуриш ишлари олиб борилди. Мавжуд ускуналарни замонавий энергия тежамкорларга алмаштирилди.

Биологик тозалаш самарадорлигини ошириш мақсадида, замонавий ҳаво аэраторлари ва оқоваларни зарарсизлантиришнинг охирги босқичида кимёвий реагентлар ўрнига, Корея технологияси асосида ультрабинафша нур орқали тозалайдиган ускуналарни ўрнатиш учун келтирилди. Тозалаш иншооти ишга тушгандан сўнг, тозаланган оқова сувларни доимий мониторинг олиб бориш орқали мажмуага қарашли санитария ҳимоя зонасида барпо этилган дарахтзорларни суғориш учун ишлатилиши режалаштирилган.

“Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводида ҳам мавжуд оқова сувларни тозалаш иншоотида механик, физик-кимё (коагуляция, флотация, нейтрализация) ва биологик тозалаш усуллари қўлланилган. Асосий кўрсаткичлардан тозаланган оқова сув таркибида нефть қолдиғи концентрацияси 0,1 мл/литр миқдорга етказилган ва бир йилда жами 5208 тонна нефть маҳсулотлари ушлаб қолинган, тозалаш самарадорлиги 99,9% га оширилган.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг йирик нефть базаларида ҳам оқова сувларни тозалаш самарадорлигини ошириш мақсадида, 2021 йилда оқова сувларни тозалаш иншоотларини қайта қуриш режалаштирилган.

Экология бўлимининг бошлиғи М.Суванов тайёрлади.

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|