“Ўзбекнефтгаз”: “Пахта нефть базаси”даги ёнғин бартараф этилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳудудида жойлашган “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли “Пахта нефть базаси”да бугун, 26 ноябрь куни соат тахминан 11:30да ёнғин келиб чиқди.

Ёнғин содир бўлгани борасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Диспетчерлик хизмати ва Махсус навбатчилик қисмига маълумот берилган ва зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчиларига хабар берилган.

Ушбу ёнғин сабабларини ўрганиш ва вазиятни назорат қилиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси топшириғига асосан “Ишчи гуруҳ” ташкил этилди ва воқеа жойига борилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, нефть базасидаги ҳозирда бўш турган 4-сонли 5 минг тонна сиғимли ёқилғи цистернасида “ўлик қолдиқ”ни тозалаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Махсус насослар орқали сўриб олиш ишлари бажарилаётганда чиққан учқун ушбу ёнғинга сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда ва асл сабаблар ўрганилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 35 та махсус техникаси ҳамда 130 нафар ходимлари ёнғинни ўчиришга сафарбар қилинди.

Воқеа жойида бўлиб турган “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Ишчи гуруҳи” аъзосининг маълум қилишича, ёнғин соат 18:15 да тўлиқ ўчирилди.

Ушбу ёнғин натижасида жароҳатланганлар аниқланмади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ушбу ёнғиннинг ўчирилишида иштирок этган барчага, жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура ва бошқа тегишли идораларга самимий
миннатдорчилигини билдиради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|