“Ўзбекнефтгаз”: Дунё полимер ишлаб чиқарувчилари фойдаланилган пластик буюмларни қайта ишлаш масаласини муҳокама қилишди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Барчамиз кундалик ҳаётимизни пластик маҳсулотларисиз тасаввур қила олмаймиз. Уларни ишлаб чиқариш билан бир қаторда фойдаланилган пластик буюмларни тўлақонли утилизация қилишнинг самарали йўлларини аниқлаш ва жорий этиш масалалари дунё полимер ишлаб чиқарувчилари олдидаги энг долзарб йўналишлардан бири саналади.

2021 йил 2 февраль куни Москва шаҳрида Пластмассани қайта ишловчилар уюшмаси томонидан ташкил қилинган IV халқаро видео форумда фойдаланилган пластик буюмларни тўлақонли утилизация қилиш масаласининг ечимлари муҳокама қилинди.

Ушбу халқаро форумда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаментининг мутахассислари ҳам иштирок этишди.

Мутахассислар ўртасида янги истиқболли лойиҳаларни жорий этиш бўйича мунозаралар бўлиб ўтди. Форум мобайнида биополимерларни ҳаётимизга тадбиқ этишнинг истиқболлари, пластик маҳсулотларни самарали утилизация қилиш йўллари, бирламчи ва иккиламчи хомашёлар аралашмаларидан компаунд маҳсулотларни олиш ва уларни қайта ишлашнинг янги усуллари ва ускуналари бўйича маърузалар ва тақдимотлар қилинди.

Маъруза ва тақдимотлар мобайнида ҳозирги кунда дунё миқёсида умумий ишлаб чиқарилаётган полимер маҳсулотларнинг атиги 10 фоизигина унумли утилизация қилиниши ва бу борада Германия давлати катта ютуқларга эришаётгани таъкидлаб ўтилди.

Полимер чиқиндиларнинг нисбатан камайишини таъминлаш мақсадида, ўз-ўзидан парчаланиб кетадиган биополимерлардан фойдаланиш сезиларли натижалар бериши мумкинлиги қайд этилди. Келажакда биополимерлардан ташкил топган маҳсулотларга, дунёда жорий этилаётган экологик қатъий меъёрларнинг кучайиши билан талаб ҳам ортиши айтиб ўтилди.

Ундан ташқари, ҳосил бўлаётган чиқиндиларни, хусусан, электротехник жиҳозлардан фойдаланиш орқали тўпланаётган иккиламчи полимер хомашёлардан унумли фойдаланиб, бирламчи ва иккиламчи хомашёлардан янги турдаги композит маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали арзон ва юқори самарали технологияларни ишлаб чиқиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирги технологиялар орқали иккиламчи хомашёдан олинаётган пластик маҳсулотлар бирламчи хомашёдан олинган маҳсулотлардан 12–25 фоиз қимматлиги сабабли, утилизация қилишнинг экологик хавфсиз ва энергия тежамкор янги инновацион ечимларини ҳаётга тадбиқ этилишини талаб этади.

Форум якунида барча маърузачилар, хусусан, газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаменти мутахассисларининг юқорида айтиб ўтилган йўналишларда техник ва технологик ечимлари бўйича фикрлар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Иштирокчилар пластик чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларни унумли қайта ишлашга йўналтиришнинг муқобил технологиялари бўйича янги маълумотларни ўзаро алмашишга келишиб олишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|