“Ўзбекнефтгаз”: Журналист, блогер ва кенг жамоатчилик вакиллари Шўртан газ кимё мажмуасига ташриф буюришди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида ОАВ вакиллари, блогер ва кенг жамоатчилик вакиллари учун Қашқадарё вилоятида жойлашган Шўртан газ кимё мажмуасига пресс-тур ташкил этилди.

Ушбу мажмуа мамлакат иқтисодиёти ва ривожи йўлида муҳим аҳамиятга эга. Умумий майдони 150 га дан ортиқ бўлган ушбу корхонада йилига 3,9 млрд куб метр табиий газ қайта ишланиб, 3,5 млрд куб метр истеъмол гази, 125 минг тоннадан ортиқ полиэтилен грануласи, 100 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ, 100 минг тоннадан ортиқ газ конденсати, 1,5 минг тонна олтингугурт грануласи, 750 минг кв метрдан ортиқ алюмин композитли панеллар, 4,5 минг тоннадан ортиқ полиэтилен қувурлар, шланглар, уловчи қисм (фитинг)лар ва томчилаб суғориш тизимлари ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Жорий йилнинг ўтган даврида мажмуа томонидан 3,224 миллард куб метр хомашё гази қайта ишланиши натижасида режа-топшириқ 106,4% бажарилди. Шундан 2,761 миллиард куб метр табиий газ (режага нисбатан 108,2%), 101,9 минг тонна полиэтилен (режага нисбатан 106%), 90,2 минг тонна суюлтирилган газ (режага нисбатан 107%), 81,7 минг тонна газ конденсати (режага нисбатан 115,5%) ва 0,8 минг тонна олтингугурт (режага нисбатан 105,4%) ишлаб чиқарилди.

Журналистлар пресс-тур доирасида “Шўртан ГКМ тозаланган метан гази негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси – “Uzbekneftegaz GTL” заводи” ташқи инфратузилма объектларининг қурилиш ишлари билан ҳам танишишди.

Хусусан, Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан амалга оширилган янги заводнинг электр таъминоти, газ таъминоти, темир йўл инфратузилмаси, маъмурий хўжалик мажмуаси объектлари ҳамда қўриқлаш шаҳарчаси, ишчилар шаҳарчасида бўлишди.

Шунингдек, ОАВ вакиллари яқинда қуриб битказилган “Uzbekneftegaz GTL” заводини барқарор ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга мўлжалланган қуввати 125 МВА бўлган 2 та трансформаторли янги “GTL 220/35/10 кВ” подстанциясининг фаолиятини ҳам ўрганишди.

Ушбу подстанциянинг қурилиш ва монтаж ишлари Шўртан газ кимё мажмуасининг малакали мутахассис ва ишчи-ходимлари томонидан амалга оширилган.

Маълумот учун шуни таъкидлаш лозимки, подстанциянинг умумий қиймати 81 млрд сўмни ташкил этиб, лойиҳалаш ишлари “Среднеазэнергосетьпроект” институти томонидан амалга оширилди.

Айни пайтда “Uzbekneftegaz GTL” заводини хомашё ва ёқилғи газлари билан таъминлаш борасида мажмуада жадал ишлар олиб борилмоқда. Журналистлар учун мазкур иш жараёнини яқиндан танишиш имкони яратилди.

Газ таъминоти объектлари янги барпо этилаётган заводни хомашё ва ёқилғи газлари билан таъминлаш учун хизмат қилади. Ушбу лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш учун Шўртан газ кимё мажмуаси, “Uzbekneftegaz GTL”, “Hyundai Engineering” ҳамда “Enter Engineering” компанияларининг малакали мутахассислари жалб этилди.

Газ таъминоти объектлари лойиҳаси доирасида иккита газ қувурини ётқизиш ва газ сарфини ўлчаш (замерной узел) қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилган. Уларга:

• “Ўзтрансгаз” АЖ дан қабул қилинувчи ёқилғи гази қувури ҳамда • Шўртан газ кимё мажмуаси ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидан қабул қилинувчи асосий хомашё гази қувури киради.

Ҳозирги кунда жами 5 км дан ортиқ газ қувурлари ётқизилиб, “Uzbekneftegaz GTL” заводини мавжуд магистраль газ қувурларига улаш ишлари муваффақиятли якунланди ва газ сарфини ўлчаш қурилмалари ўрнатилди.

Кўриб турганингиздек, ҳозирги замон талабларига мос яна бир объектнинг фойдаланишга топширилиши орқали давлатимиз иқтисодиёти учун муҳим бўлган газни чуқур қайта ишловчи заводнинг ишга туширилишида катта қадамлардан бири қўйилди.

Шўртан газ кимё мажмуасида ўтказилган пресс-турда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|