“Ўзбекнефтгаз”: Журналист ва блогерлар учун Газли ҳудудидаги табиий газ қазиб чиқариш конлари ва қудуқларига Пресс-тур ташкил қилинди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан журналист ва блогерларни Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти билан яқиндан таништириш, ҳудуддаги табиий газ қазиб чиқариш конлари ва қудуқларининг ҳозирги ҳолатини ҳамда ишчи-ходимлар учун яратилган меҳнат шароитларини ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятига Пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбирлар Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишдан бошланди.

Шундан сўнг, журналист ва блогерлар Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли Андакли, Хожиказган, Саватли ва Кулбешкак конларида бўлиб, у ердаги табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари билан танишишди.

Дастлаб, “Андакли” конидаги излов-қидирув ишлари якунланган 5-сонли қудуқдан “табиий газ қазиб чиқаришни бошлаш” жараёнида иштирок этишди. Ушбу кондан жорий йил бошидан буён жами 48,8 млн куб метр табиий газ ва 430 тонна газ конденсати қазиб олишга эришилди.

Сўнгра, Пресс-тур иштирокчиларига Ходжиказган конидаги 22-сонли қудуқдаги мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш жараёнлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ушбу кондан табиий газ қазиб чиқариш ишлари 2006 йилда бошланган бўлиб, бугунги кунда 23 та қудуқ ёрдамида кунлик 1,1 млн куб метр табиий газ қазиб олинмоқда.

Бундан ташқари ушбу кондаги 6 та қудуқдан қазиб олинаётган олтингугуртсиз табиий газ диаметри 426 мм бўлган 8,4 км узунликдаги газ қувури орқали “Кулбешкак газни комплекс тайёрлаш қурилмаси”га етказиб берилиб, у ерда суюқликлардан тозалангандан сўнг “Ўзтрансгаз” АЖ Магистраль газ қувурларига етказиб берилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари шунингдек “Саватли” газ конденсат конида олиб борилаётган бурғулаш ишлари билан ҳам танишишди. Ушбу конда ҳозирда мавжуд 6 та ишлатиш қудуқлари орқали кунлик 600 минг куб метр табиий газ ва 6 тонна газ конденсати қазиб олиниб 55 км узунликдаги газ қувурлари орқали “Газли газни қайта ишлаш заводига” етказиб берилмоқда.

Журналистларга шунингдек, Кулбешкак газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди ва унинг фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Тадбир давомида ОАВ вакиллари Бухоро вилоятининг Газли шаҳрида жойлашган, умумий қиймати 185 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Учқир сиқув-компрессор станцияси”, “Олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғи” ва “Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси” инвестиция лойиҳаси каби технологик объектларнинг ишга туширилишига бағишланган тантанали очилиш маросимида ҳам қатнашишди.

Ушбу янги “Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси” инвестиция лойиҳаси 4,5 млрд куб метр газни қайта ишлаш орқали йилига 80,0 минг тонна миқдоридаги пропан-бутан аралашмасини ва 37,5 минг тонна конденсат ишлаб чиқариш қувватларига эга.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан ҳозирги кунда жами 29 та конда табиий газ қазиб чиқариш ишлари олиб борилаётган бўлиб, шулардан 22 та кон 228 та қудуқ билан ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этаётган бўлса, яна 7 та конда геология-қидирув ҳамда конларни ўзлаштиришга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтириш борасидаги тадбирларни амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.

ФОТОЛАВҲАЛАР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|