“Ўзбекнефтгаз”: Устюрт регионида 4320 метргача бурғиланган янги қудуқдан кунлик 900 минг куб метрдан ортиқ табиий газ ва 5 тоннага яқин газ конденсати олишга эришилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 мартдаги 2822-сонли қарори билан тасдиқланган “2017–2021 йилларга мўлжалланган углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш Дастури”га мувофиқ Устюрт регионидаги конларда янги қудуқларни бурғилаш ва синаш ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшиғирига асосан ушбу Дастур доирасида Устюрт регионининг “Қуйи Сургил” конидаги 20-сонли қудуқни 4320 метргача бурғилаш бошланган эди.

Ушбу кон ҳудудида олдин бурғиланган 14-сонли қудуқдан олинган янги геологик маълумотларни таҳлил қилиш натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан ушбу майдоннинг қуйи Юра ётқизиқларида илгари маълум бўлмаган янги қатламлар аниқланди.

“Қуйи Сургил” кони ҳудудида аниқланган янги қатламларнинг истиқболларини баҳолаш мақсадида, соҳа мутахассисларини билан биргаликда ушбу қудуқни 4320 метр чуқурликкача бурғилашга қарор қилинди.

Бурғиланаётган қудуқни чуқурлаштириш йўли билан янги геологик маълумотлар олинишини таъминлаш, кондаги янги қатламларнинг нефть-газлилик истиқболларини ўрганиш ва унда геология-қидирув жараёнларидаги ишларнинг вазифаларини бажариш ва шу билан бир қаторда молиявий маблағларни иқтисод қилиш вазифалари ҳам юклатилди.

Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, “Қуйи Сургил” конидаги 20-қудуқ 4320 метргача самарали бурғиланди ва 3700–4320 метр оралиқда янги аниқланган истиқболли қатламларни синаш ишлари амалга оширилди. Синов ишлари натижасида қудуқдан саноат миқёсидаги табиий газ ва газ конденсати маҳсулотлари олишга эришилди.

Дастлабки тезкор маълумотларга асосан, олинган маҳсулотларнинг ҳажми кунлик 900 минг куб метрдан ортиқ табиий газ ва 5 тоннага яқин газ конденсатини ташкил қилди.

Ҳозирда қудуқда янги табиий газ уюмларининг қатлам параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш имкониятларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

“Қуйи Сургил” конининг остки чуқур қисмидан табиий газ оқимларининг олиниши “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича амалга оширилаётган геологик-техник тадбирларнинг самарали олиб борилаётганлигидан далолат беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|