February 4, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekistan GTL” заводида автоном электр энергияни ишлаб чиқариш қурилмаси ишга туширилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш ва асосий ишлаб чиқариш объектларини, биринчи навбатда, нефт ва газ қазиб олиш объектларини автоном электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича топшириқлари ижроси юзасидан бир қатор ишлар бажарилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини амалда таъминлаш ҳамда олиб борилаётган технологик жараёнлар ҳолатини ўрганиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Uzbekistan GTL” заводида бўлди.

Бошқаруви раиси иштирокида “Uzbekistan GTL” заводида электр энергиясини ишлаб чиқариш қурилмасининг биринчи буғ турбинаси генератори ишга туширилди.

Умумий қуввати 90 МВтгача бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш қурилмасининг ишга туширилиши билан яқин кунларда GTL заводи нафақат ўзининг ишлаши учун зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқаришни, балки республика миллий электр тармоғига қўшимча 45 МВтгача бўлган ҳажмда электр энергиясини етказиб беришни ҳам бошлайди.

Ташриф давомида Бошқарув раиси қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари Шўртан газ-кимё мажмуаси, Шўртан нефт-газ қазиб чиқариш бошқармаси, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар, жумладан, турар-жой бинолари ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан таъминлаш имконини яратишини таъкидлаб, бу борадаги ишлар давом эттирилиши билдирди.

Шунингдек, асосий нефт-газ корхоналарини, жумладан, газ конларида ўрнатилган компрессор станцияларини GTL заводида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси негизида ягона автоном тармоққа улаш имкониятларини ўрганиш бўйича алоҳида топшириқ берилди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш ва асосий ишлаб чиқариш объектларини, биринчи навбатда, нефт ва газ қазиб олиш объектларини автоном электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича топшириқларини бажариш доирасида амалга оширилади.

Қайд этиш жоизки, GTL заводида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини автоном ишлаб чиқариш экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, технологик жараён давомида ҳосил бўладиган ортиқча буғ ҳисобига амалга оширилади.

Умуман олганда, GTL заводида қуввати 90 МВтгача бўлган электр энергиясини ишлаб чиқарадиган иккита буғ турбинали генератор ўрнатилган.

Таъкидлаш керакки, “Uzbekistan GTL” электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳам инновацион ечим қўлланилган - заводда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган ортиқча буғ ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шу сабабли, завод ўз фаолияти учун зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқаришдан ташқари, зарур ҳолларда, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг қўшимча ҳажмини миллий электр тармоғига ҳам етказиб бериш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan GTL” заводи йилига умумий қиймати 1 миллиард AҚШ долларидан ёки 12,8 триллион сўмдан зиёд миқдордаги импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Бугунги кунда инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 3,42 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, рентабеллиги (IRR) 10,2 фоизга ва ўзини оқлаш муддати 9 йилга тенгдир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|