“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 30 йиллиги билан табриклайди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Мамлакатимизда нефть ва газ соҳасининг вужудга келиши ва ривожланиши ХIХ асрнинг охирига тўғри келсада, бу соҳада барча босқичларни ўз ичига олган, яъни углеводородларни излаш, қазиб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш ва улардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини ўзида мужассам этган нефть-газ компанияси сифатида “Ўзбекнефтгаз” 1992 йилда ўз фаолиятини бошлаган.

2019 йилда эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг республикамиз нефть ва газ тармоғини ислоҳ қилиш бўйича қарорлари асосида ушбу ташкилот негизида 3 та алоҳида мустақил ташкилотлар, яъни “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Айни мана шу даврдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан асосий эътибор табиий газ қазиб чиқарилишига қаратилди. Йилдан йилга қазиб чиқариш ҳажми камайиб бораётган бир даврда, унинг ҳажмини ошириш борасида самарали ишлар бошланди.

Давлат раҳбари томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда шаффоликни таъминлаш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш борасида қатор топшириқлар берилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси этиб Меҳриддин Абдуллаев тайинланди ва Жамиятнинг асосий вазифаси этиб углеводородларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш, соҳага хорижий сармоялар жалб этиш ва хорижий етакчи компанияларнинг илғор технологияларини тадбиқ этиш орқали янги захиралар ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, юқори қўшимча қийматли, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, биринчи навбатда республикамиз истеъмолчиларини нефть-газ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш белгилаб берилди.

Соҳа фаолиятидаги сўнгги йилларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, нефть-газ соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилганлиги ва салмоқли натижаларга эришилганининг гувоҳи бўламиз. 2017–2021 йилларда нефтгаз тармоғининг барча йўналишларида катта ўзгаришлар содир бўлди. Жумладан:

Углеводородларни қазиб чиқариш соҳаси ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш лозимки, узоқ йиллар мобайнида конларнинг ўзлаштирилиши қатлам босимининг тушиши, янги йирик конларнинг очилмаганлиги натижасида қазиб чиқариш кўрсаткичларининг кескин пасайишига олиб келди. Бунинг олдини олиш мақсадида 2017–2021 йилларда углеводородларни қазиб чиқаришни ошириш Дастури ишлаб чиқилиб, қудуқларни бурғилаш, капитал таъмирлаш ва технологик объектларни барпо этиш жадаллаштирилди. Натижада 2020 йил якуни билан газ қазиб чиқариш кўрсаткичларининг ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати сақланган ҳолда табиий тушишлар олди олинди.

Бугунги кунда Дастур доирасида “Денгизкўл” ва “Жанубий Тандирча” конларида газ сиқув компрессор станцияларини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Йил якунига қадар табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари 34,1 млрд куб метрга етказилиб, нафақат қазиб чиқариш ҳажми камайишини олдини олиш, балки ўтган йилга нисбатан 1,0 млрд куб метр кўп қазиб чиқариш режалаштирилмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида олиб борилган геология қидирув ишлари натижасида жами 22 та нефть ва газ конларини очишга эришилди ва 182  млрд куб метр ҳажмда табиий газ, 10,3 млн тонна суюқ углеводородлар захираси ўстирилди. Жорий йилнинг ўзида 3 та газ конденсатли конлар очилди (“Ғарбий Қуйи Сургил”, “Ижобат”, “Раззоқбобо”). Йил охирига қадар 35 млрд куб метр ҳажмда табиий газ ва 900 минг тонна ҳажмда суюқ углеводородлар захирасини ўстириш кутилмоқда.

2017–2021 йилларда Инвестиция дастури доирасида жами 11,6 млрд доллар инвестициялар ўзлаштирилди, шундан 81 фоизи хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига тўғри келади.

Хитой Давлат тараққиёт банки, Ипак йўли жамғармаси, Газпромбанк, ВЭБ.РФ Давлат тараққиёт корпорацияси, Росэксимбанк, MUFG, Credit Suisse, SMBC, Mizuho, Woori Bank каби банк ва ташкилотлардан 3,6 млрд доллар миқдорида хорижий кредитлар жалб қилинган.

Бу давр мобайнида 26 та лойиҳа доирасида технологик объектлар фойдаланишга топширилди, янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, 3,2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Хусусан, қиймати 377,5 млн долларга тенг “Денгизкўл, Ҳожидавлат ва Шарқий Олот газ конденсат конларини ўзлаштириш” лойиҳасини амалга ошириш натижасида йилига 869,0 млн куб метргача табиий газ ва 6,4 минг тн газ конденсатини қазиб чиқариш имкони яратилди, “Алан” ва “Зеварда” конларида 150 млн долларлик 2 та сиқув компрессор станциялари ишга туширилиб кунлик қўшимча 2,5 млн куб метр табиий газ қазиб чиқариш имкони яратилди.

Йил якунига қадар Шўртан бош иншоатларида газни цеолит ва амин билан тозалаш қурилмаларини модернизация қилиш ишлари охирига етказилади, Денгизкўл конида сиқув компрессор станцияси ишга туширилади.

Шу билан бирга, газ кимё кластри доирасидаги йирик стратегик лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда. GTL лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж ишлари 93,5 фоизга бажарилиб, қурилмалар босқичма-босқич фойдаланишга топширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг мантиқий давоми бўлган “Шўртан газ кимё комплексининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” лойиҳаси бўйича батафсил лойиҳалаштириш, асосий технологик ускуна ва материалларни ишлаб чиқаришга буюртма бериш ишлари олиб борилмоқда.

Жамият ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар томонидан 2017 йилда 7,4 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 24,1 трлн сўмни ёки 2017 йилга нисбатан 3,2 баробарга кўпроқни ташкил этиши кутилмоқда. Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида 22 та лойиҳа доирасида 414,5 млрд сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган (Евро-4 ва Евро-5 экологик тоифадаги дизель ёнилғиси, янги QuWatt русумидаги автобензин ва бошқалар).

2021 йил февраль ойида алоҳида электрон платформа кўринишида Виртуал кўргазма ташкил этилди (ung.cooperation.uz). Ушбу платформада корхоналаримиз томонидан ташқи ва ички бозорларда сотиб олиниши режалаштирилган 25 хил товар гуруҳига мансуб 8 500 дан ортиқ маҳсулот турларининг техник хусусиятлари бўйича қўшимча маълумотлар ва бугунги кунда жамиятимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар бўйича маълумотлар келтирилган.

Республика истеъмолчиларига нефть маҳсулотларини реализациясини ошириш мақсадида жамият таркибидаги мавжуд АЁҚШларни янги кўринишда ва замонавий ускуналар билан жиҳозлашни назарда тутувчи ребрендинг ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун махсус “UNG Petro” корхонаси ташкил этилди. Бугунги кунгача 3 та АЁҚШлар тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди, яна 17 та АҚЁШларни режа асосида босқичма-босқич реконструкция қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Янги турдаги маҳсулот ва хизматлар экспорти йўлга қўйилди (томчилаб суғориш тизими, полиэтилен қувурлар, алюмин композит панеллар, лойиҳалаштириш, таълим, ижтимоий хизматлар кўрсатиш). Экспорт географияси ҳам кенгайтирилди, агарда 2017 йилда 23 та давлатга экспорт амалга оширилган бўлса, 2021 йилга келиб уларнинг сони 35 тага етди. Жорий йил якуни билан экспорт ҳажмини 447,5 млн долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Рақамли иқтисодиётга ўтиш доирасида ягона марказлашган диспетчерлик хизмати фаолияти ташкил этилди. “Рақамли кон” концепцияси доирасида мавжуд геологик – техник маълумотларни рақамлаштириш ва углеводород конларини 3D усулда моделлаштириш йўлга қўйилиб, Миллий маълумотлар базаси яратилди. Ушбу тадбирлар натижасида 2020–2021 йилларда 107 та кон бўйича рақамли-геологик, 24 та коннинг рақамли-гидродинамик ва 11 та коннинг 3D тармоқ моделлари форматда яратилди. Ишлатилаётган конларда геологик риск илгари 40-45% бўлган бўлса, хозирда 5-10%гача камайтирилди.

Фото: “Рақамли бурғилаш” доирасида 23 та бурғилаш қурилмаларининг ишлаш жараёнини назорат қилиш тизими жорий қилинмоқда, натижада бурғилаш тезлиги 15%га оширилади, қурилмаларнинг ишлаш даври 20%га узайтирилади, бурғилаш самарадорлиги 5%га ортади.

Шу билан бирга, “ИКС Холдинг” (Россия) компанияси билан бизнес жараёнларни автоматлаштириш ва рақамлаштириш соҳасидаги энг яхши жаҳон тажрибалари асосида ERP-тизимини тадбиқ этиш ишлари олиб борилмоқда.

Жамиятнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш мақсадида, жамият фаолиятини ислоҳ қилиш ва реструктуризация қилиш учун Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида (2018) ҳамда Boston Consulting Group компанияси ҳисоботи (2019) асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг корпоратив трансформацияси режаси” ишлаб чиқилди.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS) асосида 2016–2019 йиллар учун жамиятнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботлари тайёрланди ва “Ernst & Young Advisory” компаниясининг ижобий аудиторлик хулосаси олинди.

Ҳозирда 2020 йил учун молиявий ҳисобот IFRS асосида тайёрланди ва халқаро аудиторлик компанияси томонидан аудиторлик хулосасини олиш кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви тизими ва ташкилий тузилмаси қайта шакллантирилди. Ҳозирги кунда жамият трансформацияси доирасида нуфузли хорижий консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда бир нечта йўналишда ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ernst & Young Advisory” (Буюк Британия) халқаро аудиторлик компанияси жамиятнинг ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлигини ва ишончлилигини ошириш ҳамда ходимларимиз учун иш самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари тизимини (KPI) жорий қилиш, “RLG International Inc.” (Канада) компанияси томонидан қудуқларни бурғилаш ва мукаммал таъмирлаш ишлари операцион самарадорлигини ошириш, антикоррупцион комплаенс ва молиявий назорат тизимини тадбиқ этиш бўйича “KPMG”, “Rothschild & Co” (Франция) компаниялари билан ҳамкорликда жамият акцияларини халқаро фонд бозорида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO)га тайёргарлик кўриш, “S&P Global Ratings”, “Fitch Ratings” ва “Moody’s Investors Service” компаниялари билан “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида халқаро корпоратив кредит рейтингини олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Фото: Етакчи инвестицион банклар ва консультантлар билан ҳамкорликда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг корпоратив дебют евробондларини халқаро молиявий бозорларда жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу кредит маблағларини бевосита давлат кафолатисиз жалб қилиш имконини беради. Бунда евробондлардан келиб тушган маблағлар биринчи навбатда углеводородларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмларини оширишга қаратилган тадбирлар ва истиқболдаги лойиҳаларга йўналтирилади.

“Газпромбанк” АЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни кўпайтириш ва қайта ишлашга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда стратегик ҳамкорлиги белгиланди.

Амалга оширилаётган трансформация жараёни натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ нафақат Ўзбекистондаги, балки дунёдаги етакчи нефть-газ компанияларидан бирига айланиши мақсад қилинган.

Бугунги кунда аҳолимизга табиий газ ва нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш мақсадида туну кун хизмат қилаётган 50 мингга яқин мутахассис ва ишчи-ходимлар, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви номидан барчангизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан табриклаймиз. Сизларга тинчлик-фаровонлик ва олдингизга қўйган барча мақсадларингизга эришишингизни тилаб қоламиз.

Мустақиллик байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин!

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|