“Ўзбекнефтгаз”: “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖда олиб борилган ўрганишлар натижасида ишнинг тўғри ташкил қилинмагани, сусткашлик ва молиявий камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириқларига асосан, Молиявий ва комплаенс назорати департаменти томонидан тизим корхоналарида маблағларни самарали ишлатилиши, тўлов интизомига риоя қилиниши, шунингдек, уларнинг молиявий аҳволини яхшилаш, соғломлаштириш мақсадида ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.

Навбатдаги профилактик ўрганишлардан бири тизимнинг ишлаб чиқариш жараёнида энг аҳамиятли бўғинлардан бири бўлган “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖда (кейинги матнларда – Жамият деб юритилади) амалга оширилди.

Ўрганиш жараёнларида, Жамият раҳбарияти ва мутасаддилари томонидан фаолиятини бошқаришда сусткашликка йўл қўйилганлиги, жамиятда иш жараёнини тўғри ташкил қилинмаганлиги, ҳар бир раҳбар ва маъсул ходимлар ўзларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганликлари ва жиддий ёндошмаганликлари оқибатида бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилган.

Ҳусусан, жамиятда айрим товар моддий бойликларини бозор конъюктурасини чуқур тахлил қилмасдан ҳарид қилиниши, қарздорликларни камайтириш бўйича лозим даражада иш олиб борилмаганлиги, ишлаб чиқариш жараёнини техникалар, мутахассислар ва материаллар билан таъминлашда узилишларга йўл қўйилганлиги, кадрлар сиёсати ва меҳнати интизомини бўшаштириб юборилганлиги, ҳисоб-ҳисобот, иқтисодий тахлил ишларини лозим даражада юритилмаслиги, жамият мулкини тўғри сақланишида эътиборсиз муносабатда бўлиниши шулар жумласидандир. Ўз навбатида эса бундай ҳолатларга йўл қўйилиши ўз навбатида жамиятнинг молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини, суръатларини пасайишига, моддий-техника базасини заифлашишига, манфаатлар тўқнашуви ҳамда моддий ва молиявий манфаатдорлик хатарларини ошишига сабаб бўлган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш, хатоликка йўл қўйган шахсларга тегишли чораларни кўриш, шунингдек, Жамиятни молиявий соғломлаштириш, моддий-техника базасини ривожлантириш, меъёрий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаш ва келгусида бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ Кузатув кенгаши томонидан қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ Кузатув Кенгашининг жорий йилнинг 14 августидаги қарорига асосан жамият бош директори А.Норматов ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, чора-тадбирлар доирасида жамиятни молиявий соғломлаштириш, тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш, қарздорликларни камайтириш, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини сифатли, кафолатли ижросини таъминлаш, вазифаларига нолойиқ бўлган масъул ходимларни келгусида бу ёки бошқа лавозимларда ишлаш имкониятларини кўриб чиқиш ва жамият бошқарув бўғинларига соғлом фикрли замонавий ислоҳатларга қодир мутахассисларни жалб этиш бўйича асосий вазифалар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|