“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий корхона билан янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги ПҚ–4426-сонли “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан тармоқлараро кооперацияни чуқурлаштириш фаоллаштирилиб, маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ташкил этилган Виртуал кўргазманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига келиб тушган мурожаат асосида жорий йилнинг январ ойида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган “PLUS LUX OIL” МЧЖ корхонасининг ишлаб чиқариш объектларига амалий ташриф уюштирилди. Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари учун ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятлари кўриб чиқилди.

Маълумот тариқасида таъкидлаш жоизки, “PLUS LUX OIL” МЧЖ 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, автомобил ва мотор мойларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни қайта ишлашга ихтисослашган. Ҳозирда корхонада 50 нафар ходим фаолият юритиб, корхонанинг йиллик ўртача пул айланма маблағи 100 млрд сўмни ташкил этади.

Ўрганиш давомида корхона томонидан маҳаллий “Exsol” маркали ТИФ коди 3 820 000 000 бўлган турли хил рангдаги совутувчи суюқликлар, “Standard oil” маркали трансмиссия ва трубина мойлари, гидравлик ва компрессор мойлари ҳамда турли хил саноат мойларидан иборат жами 50 га яқин турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши маълум бўлди.

Ташриф давомида корхонанинг ишлаб чиқариш объектлари дастлабки техник аудитдан ўтказилди ва ишлаб чиқарувчига “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарининг ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига бўлган эҳтиёжлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан йилига ўртача 35 млрд сўмлик ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари харид қилиниб, шундан ўртача 15 млрд сўмлик (1.4 млн. долл.) маҳсулотлар импортдан харид қилинади. Ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари тизим корхоналари томонидан асосан автотранспорт, компрессорлар, электро двигателларни мойлаш ҳамда емирилишни олдини олиш мақсадларида ишлатилади.

Шу билан бир қаторда, корхона мутахассисларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарида маҳсулотга қўйиладиган техник талаб, унинг тегишли маҳаллий ва халқаро стандартларга мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатларнинг тақдим этилиши, юқори қувватли ускуналарда ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини ишлатишдан аввал уларни тегишли саноат-тажриба синовларидан ўтказилиши лозимлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ўрганиш якунига кўра, “PLUS LUX OIL” МЧЖ мутухассислари билан дастлаб импортдан хариди амалга оширилган “SHELL Super Protection G-12, HVLP 46” ва “HD46” маркадаги гидравлик мойлар ҳамда “SAE 85W-140” ва “ATF-3” маркали трансмиссион мойлар каби маҳсулотларни ҳамкорликда маҳаллийлаштириш бўйича келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|