“Ўзбекнефтгаз”: Устюрт минтақасида илк бор 4300 метр чуқурликдан табиий газ қазиб олина бошланди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 мартдаги 2822-сонли Қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “2017–2021 йилларга мўлжалланган углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш Дастури” доирасида мавжуд нефть ва газ конларидаги бир қатор қудуқларда бурғилаш ва синов ишлари олиб борилмоқда.

Қарор ижросининг амалда бажарилишини таъминлаш мақсадида, Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшиғирига асосан, Устюрт регионидаги “Қуйи Сургил” конидаги 14-сонли қудуқда 3800 метр чуқурликда бурғилаш бошланган эди.

Ушбу кондаги қудуқнинг 3700 метр ва ундан ортиқ чуқурлигидан олинган янги геологик маълумотларни таҳлил қилиш жараёнида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан ушбу майдоннинг қуйи Юра ётқизиқларида илгари маълум бўлмаган, янги табиий газ қатламлари аниқланди.

“Қуйи Сургил” кони ҳудудида аниқланган янги қатламларнинг истиқболларини баҳолаш мақсадида, соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда, ушбу қудуқни 4300 метр чуқурликкача бурғилашга қарор қилинди.

Бурғиланаётган қудуқни чуқурлаштириш йўли билан янги геологик маълумотлар олинишини таъминлаш, кондаги янги қатламларнинг нефть-газлилик истиқболларини ўрганиш ва унда геология-қидирув жараёнларидаги ишларнинг ҳам вазифаларини бажариш орқали ушбу мақсадларга йўналтириладиган молиявий маблағларни иқтисод қилиш вазифалари ҳам юклатилди.

Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, “Қуйи Сургил” конидаги 14-қудуқ 4300 метрга самарали бурғиланди ва 3700–4300 метр оралиқда янги аниқланган истиқболли қатламларни синаш ишлари амалга оширилди.

Синов ишлари натижасида қудуқдан саноат миқёсидаги табиий газ ва газ конденсати маҳсулотлари олишга эришилди.

Дастлабки тезкор маълумотларга асосан, олинган маҳсулотларнинг ҳажми суткасига 900 минг куб метрдан ортиқ табиий газ ва 20 тоннага яқин газ конденсатини ташкил қилади.

Ҳозирда қудуқда янги табиий газ уюмларининг босимларини ва кон-геологик параметрларини аниқлаш ҳамда унинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш мақсадида, геологик-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

“Қуйи Сургил” конининг остки чуқур қисмида табиий газ захираларига эга бўлган янги қатламларнинг аниқланиши “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари учун геология-қидирув ва конларни ўзлаштириш борасидаги янги йўналишларни очиб бериши билан бир қаторда, Устюрт региони бўйича табиий газ ва газ конденсати захираларини ўстиришга ҳам замин яратди.

Ушбу янги йўналиш Устюрт ҳудудидаги конларни ишлатиш борасида амалга оширилган тадбирларнинг иқтисодий жиҳатдан самарадор эканлигини тасдиқлаш билан бир қаторда, регионда олиб борилаётган геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, янги конларни очиш ҳамда углеводород захираларини ўстириш борасидаги барча режаларни янги йўналишга мувофиқ ҳолда олиб бориш учун пойдевор вазифасини бажаради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|