“Ўзбекнефтгаз”: Устюрт регионидаги “Қуйи Сургил” газ конденсат конидаги 5-сонли қудуқдан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги ПҚ–4522 сонли “Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Устюрт регионидаги “Қуйи Сургил” конининг истиқболларини баҳолаш ва захираларини ўзлаштиришга қаратилган геология-қидирув ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан “Қуйи Сургил” конидаги 5-сонли қудуқнинг геологик маълумотларини комплекс таҳлил қилиш асосида ушбу кон ҳудудида табиий газнинг қўшимча захираларини аниқлаш борасида таклифлар илгари сурилган эди.

Ушбу мақсадларда “Қуйи Сургил” кони ҳудудидаги қуйи юра ётқизиқларининг нефтгазлилик истиқболларини баҳолаш ва унинг захираларини ўзлаштириш мақсадида 5-сонли қудуқ 4305 метрга, барча зарур тадқиқотларни бажарган ҳолда бурғилаб тугатилди ва қудуқ кесимида бир қанча истиқболли қатламлар борлиги аниқланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ геолог мутахассисларининг тавсияларига асосан, 4100–4305 метр чуқурликдаги 200 метрдан ортиқ оралиқда аниқланган истиқболли қатламларни маҳсулдорликка синаш мақсадида жойлардаги мутахассислар билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар натижасида кунлик 700 минг куб метр ҳажмда саноат миқёсидаги табиий газ оқимларини олишга эришилди.

Ушбу табиий газ оқимининг олинишида “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассилари билан биргаликда жойлардаги ишлаб чиқариш ва пудратчи ташкилотлар мутахассисларининг ҳам иштироки муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикасида геология соҳасини тубдан қайта ислоҳ қилиш ва ривожлантириш мақсадида 2018 йилнинг 27 декабрида 509-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонуни тасдиқланиб, унга асосан “Апрель ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни” этиб белгиланди.

“Қуйи Сургил” 5-сонли қудуғидан табиий газ олинганлигининг яна бир муҳим жиҳати, унинг айнан ушбу байрам арафасида амалга ошганлигидир. “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан ушбу байрам арафасида Республикамиз аҳолиси, иқтисодиёти ва унинг ривожланиши учун ўзига хос туҳфа тақдим этилди.

Ушбу қудуқдан олинган табиий газ оқимлари Устюрт региони бўйича 2021 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ захираларини ўстиришни таъминлаши билан бир қаторда, Республика углеводород хомашё базасини қайта тўлдириш ва ривожлантириш борасидаги вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳозирда 5-сонли қудуқда, олинган табиий газ оқимларининг ҳақиқий ҳажмларини баҳолаш, коннинг чуқур қисмида жойлашган ушбу захираларнинг кон-геологик параметрларини, шунингдек, унинг ишлаб чиқариш қувватларини аниқлаш бўйича қўшимча тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, “Қуйи Сургил” кони бўйича барча маълумотларни қайта таҳлил қилиш асосида унинг ҳудудида геология-қидирув ишларини жадаллаштириш мақсадида ишларнинг келгуси йўналишлари белгилаб олинди.

Ишлаб чиқилган тадбирларга асосан кон ҳудудида кейинги 6-сонли қидирув қудуғини бурғилаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилиб, ушбу ишларни амалга ошириш борасида тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилда Республиканинг барча ҳудудларида, шу жумладан, Устюрт регионида ҳам геоглогия-қидирув ишларини самарали амалга оширишга қаратилган тегишли дастур ишлаб чиқиб тасдиқланган.

Ушбу дастурга асосан, Устюрт регионидаги геология-қидирув ишларига 2021 йилда жами 335 млрд сўмдан ортиқ молиявий маблағларни йўналтириш орқали региондаги 16 та қудуқларда ишларни ташкиллаштириш, 47 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишларини амалга ошириш ҳамда ушбу қудуқларда 170 дан ортиқ истиқболи қатламларни маҳсулдорликка синаш вазифалари белгилаб олинган.

Белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш натижасида йил якуни билан Устюрт региони бўйича 10.0 млрд куб метр табиий газ ҳамда 300 минг тонна газ конденсати захираларини ўстиришни таъминлаш кўзда тутилган.

Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ушбу дастур асосида Устюрт регионининг истиқболли майдонларида углеводородлар захираларини ўстириш ва янги нефть ва газ конларини очишга қаратилган геология-қидирув ишлари давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|