“ИННОПРОМ”: Ўзбекистонда катта саноат ҳафталигининг биринчи куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун аҳамиятли учрашувларга бой бўлди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Аввал хабар берганимиздек, бугун 5-апрель куни Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар марказида илк бор “ИННОПРОМ: Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Ушбу кўргазмада Арманистон, Беларусь, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Франция, Чехия ва Япониянинг 300 дан ортиқ саноат компаниялари ва ишбилармонлар делегациялари иштирок этмоқда.

Тадбир Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – иштирокчи мамлакатлар ва компаниялар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этишнинг янги имкониятларини аниқлашдан иборат.

Кўргазмада транспорт ва энергетика машинасозлиги, саноат, шаҳарлар учун технологиялар, тиббий асбоб-ускуналар ва фармацевтика, металлургия ва материаллар, пластмасса ва каучуклар бўлимлари жой олган.

“Ўзбекнефтгаз” компаниясининг кўргазма стендида 80 дан ортиқ турдаги нефть ва газ маҳсулотлари жой олган. Хусусан, кўргазма иштирокчиларига “Uz-Kor Gas Chemical” ҚК МЧЖнинг полиэтилен, полипропилен гранулалари маҳсулотлари, Шўртан газ кимё мажмуасининг полиэтилен, олтингугурт гранулалари, полиэтилен қувурлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқа пластик маҳсулотлари, “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг ёқилғи маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг биринчи кунида “Ўзбекнефтгаз” AЖ вакиллари томонидан Россиянинг “Сибур холдинг”, “Газпромнефть”, “Совкомбанк”, Москова кредит банки, “Русэкспорт”, “ГМС Группа”, “УЗТИ”, “Search in form”, “Наука энерготех”, “Rimera”, “Реформа”, “Борская войвочная фабрика”, Елабужский автомобиль заводи, “SOLAR”, “Ховел”, “Supercam”, “Дробьмаш” каби 20 дан ортиқ компаниялари ва молия институтлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Россия Федерацияси минтақалари ҳукуматлари вакилларининг икки томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида Татаристон савдо ва саноат вазири, Свердловск вилояти ҳукумати, Нижний Новгород вилояти, шунингдек, Перм ўлкаси билан музокаралар ўтказилди. Кўргазмада ушбу минтақаларнинг саноат салоҳияти ҳам намойиш этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма ўз ишини давом эттиради.

7 апрель куни “ИННОПРОМ” бизнес дастури “Олий Иқтисодиёт мактаби” ИТУ кўмагида ўтади ва унда асосий эътибор Ўзбекистоннинг йирик университетлари талабалари учун илғор саноат ишлаб чиқаришнинг энг долзарб мавзуларини ёритишга бағишланган тадбирларга қаратилади.

Маълумот учун: Россиянинг “ИННОПРОМ” саноат кўргазмаси 2010 йилдан бошлаб Екатеринбургда ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили кўргазмада дунёнинг энг йирик компаниялар: «Siemens», «FANUC», «Mazak», «Rittal», «KUKA», «Yaskawa», «Volvo», «SAP», «Dassault Systemes», шунингдек, етакчи Россия ишлаб чиқарувчилари – “Ростех” давлат корпорацияси, “Синара” гуруҳи, ЧҚПЗ, “Росатом” давлат корпорацияси, УТМК, “SOLLERS”, “КАМАЗ” ва бошқалар иштирок этади. Кўргазмага ҳар йили 70 мамлакатдан ўртача 50 мингга яқин меҳмон ташриф буюради.

ФОТОЛАВҲАЛАР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|