“Ўзбекнефтгаз”: Саноат оқова сувларини тўғридан-тўғри ер рельефига тўкилишига йўл қўймаслик учун буғлатиш ҳовузи барпо этилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан тизимидаги бошқарма ва корхоналар томонидан йўл қўйилган камчиликлар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида, 47 та банддан иборат чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Ушбу тадбирлар доирасида корхоналарда олиб борилаётган ишлар акциядорлик жамиятининг Саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги департаменти томонидан жойига бориб ўрганилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этишда уларга амалий ёрдам бериб борилади.

Ўрганишлар натижасида Муборак газни қайта ишлаш заводида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташланмаларнинг миқдори белгиланган меъёрдан 1,3 баравар (10 972,8 тоннага) ортиқ ташланганлиги аниқланди. Ушбу муаммони бартараф этиш масаласи “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2021–2022 йил учун ишлаб чиқилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари таркибига киритилди. Муаммони бартараф этиш мақсадида Муборак газни қайта ишлаш заводида Машъалага ташланадиган кам олтингугуртли нордон газларни қайта тозалаш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа доирасида “Олтингугурт ишлаб чиқариш қурилмасини қуриш” тадбирини амалга ошириш натижасида ва 2-сонли цехнинг 10-сонли қурилмалар қайта таъмирланади. Натижада атмосфера ҳавосига ташланаётган олтингугурт ангидриди SO2 гази 10-11 минг тоннага камайтириши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, айни пайтда Газли газни қайта ишлаш заводи фаолиятида ҳосил бўлаётган маиший ва саноат оқова сувларини тўғридан-тўғри ер рельефига тўкилишига йўл қўймаслик учун буғлатиш ҳовузи барпо этилмоқда. Ҳозирги кунда лойиҳа бўйича маиший буғлатиш ҳовузида ер ишлари 100% ва саноат буғлатиш ҳовузида ер ишлари 90% бажарилган.

Бундан ташқари, Газли газни қайта ишлаш заводининг Конденсат парки, “Даяхотин” 2-сонли цехи, “Қумли” 3-сонли, “Қулбешкак” ҳамда “Тўмарис” 4-сонли цехлардаги технологик жараёнлардан ажралиб чиқаётган саноат оқова сувларни тўғридан-тўғри ер релефига оқизишни олдини олиш мақсадида изоляция қилинган буғлатиш ҳовузини қуриш режалаштирилган. Айни пайтда саноат оқова сувларини қайта қатламга ҳайдаш учун бошқармага қарашли объектларда экологик ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича маъсул шахсларни тайинлаш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|