“Ўзбекнефтгаз”: Саноат соҳасида кўрсатиладиган хизматлар тури кўпайтирилиб, сифати оширилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан саноат соҳасида кўрсатиладиган хизматлар турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш бўйича барча зарур чоралар кўриб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Тижорат департаменти томонидан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва газни қайта ишлаш заводи билан ҳамкорликда кўрсатиладиган хизматлар назоратга олинган бўлиб, ҳар ой якуни билан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар таҳлили Бошқарув раисига тақдим этиб борилади.

Жорий йилнинг 8 ойи якунлари бўйича амалга оширилган хизматлар ҳажми ҳам корхоналар кесимида таҳлил қилинди.

Ўтган давр мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва газни қайта ишлаш заводи томонидан 14 турдаги саноат соҳасидаги хизматлар кўрсатилади.

Жорий йилнинг 8 ой якунлари бўйича хизматларнинг бажариш кўрсаткичлари жами бўлиб миллий валютада 689,2 млрд сўмни, шундан хорижий валютада 22,7 млн долларга етказишга эришилди.

Бу эса, ўз навбатида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан миллий валютада 55 млрд сўмга, ўсиш суръати 131 %га ва хорижий валютада 2,3 млн долларга, яъни 113,5%га ўсганлигини кўрсатади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан асосий хизматлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги компаниялар ва қўшма корхоналарига кўрсатилмоқда.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида қуйидаги хорижий компаниялар ва қўшма корхоналарга хизматлар кўрсатилди:

• Россия Федерациясининг “Лукойл” корхонасига 22,7 млн долларлик;

• “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Швейцариянинг “Gas Project Development” ҳамда “Altmax Holding” корхоналари иштирокидаги “Натурал Газ Стрим” қўшма корхонасига 153,7 млрд сўмлик;

• АҚШнинг “Эпсилон Девелопмент Компани” хорижий корхонасига 190,9 млрд сўмлик;

• “Нью Силк Роад” ўзбек-хитой қўшма корхонасига 48,7 млрд сўмлик;

• “Гиссарнефтегаз” МЧЖ қўшма корхонасига 16,2 млрд сўмлик;

• “Жиззах Петролеум” қўшма корхонасига 21,4 млрд сўмлик;

• “Кўкдумалоқ-газ” ўзбек-швейцария-британия қўшма корхонасига 7,4 млрд сўмлик, ва бошқа корхоналарга 5,2 млрд сўмлик.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган жами хизматларнинг корхоналар кесимидаги улушлари қуйидагича:

• Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига 60,8 фоиз;

• Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига 16,3 фоиз;

• Муборак газни қайта ишлаш заводига 13,8 фоиз;

• Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига 9,3 фоизга тўғри келмоқда.

Кўрсатилаётган хизматлар тури бўйича асосан табиий газни қайта
ишлаш – 294,6 млрд сўм, суюлтирилган газ, газ конденсат ва олтингугурт ишлаб чиқариш - 98,2 млрд сўм, табиий газни сиқиш (компримирование) – 108,9 млрд сўм, табиий газ ва газ конденсатини тайёрлаш – 82,8 млрд сўм, ташиш хизматлари – 62,6 млрд сўм ва сақлаш ва юклаш – 35,8 млрд сўмни ташкил этди.

Жорий йилнинг сентябрь ойи якуни билан миллий валютада 55,6 млрд сўмни ва хорижий валютада 4,5 млн доллар, жорий йилнинг якуни бўйича эса 1 трлн 100 млрд сўмлик хизмат кўрсатиш ҳажмлари бажарилиши режалаштирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|