“Ўзбекнефтгаз”: “Рақамли Ўзбекистон – 2030” миллий стратегияси доирасида қудуқлар, конлар, заводлар тўлиқ автоматлаштирилмоқда (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Жорий йилнинг 28 апрелида “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Давлат раҳбари томонидан имзоланган Қарор ижросини амалда бажариш ҳамда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Бошқарув тизими ва ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг алоҳида концепцияси ишлаб чиқилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ташкил этилган “Ишчи гуруҳ” томонидан, молиявий жараённи автоматлаштириш, ягона автоматлаштирилган марказлашган диспетчерлик хизматини ташкил қилиш, назоратни таъминловчи автоматлаштирилган тизим, “Рақамли кон” дастури, “Рақамли бурғилаш” тизими, “Онлайн кўргазма” каби 6 та йўналишда ишлар бошлаб юборилди.

2020 йилнинг ортда қолган 8 ойи давомида тизимда молиявий жараённи автоматлаштириш мақсадида ўтган 1С (бухгалтерия, омбор, харидлар ва бошқалар) дастури тўлиқ жорий этилди, ҳозирда SAP ERP тизимининг автоматлаштирилган молиявий бошқарув модулига интеграция қилинмоқда.

Ягона автоматлаштирилган марказлашган диспетчерлик хизматини ташкил қилиш аллақачон бошланган бўлиб, барча ишлар 2020 йил охирига қадар якунланади. Муборак ва Шўртан нефть-газ корхоналарида автоматлашган диспетчерлик хизмати жорий этилгани туфайли йилига 50 миллион куб метр газ ва 650 минг киловат-соат электр энергиясини иқтисод қилишга замин яратилди.

Бундан ташқари, Нефть базаларидаги сиғимларга сатҳ-ўлчагичларни ўрнатиб, назоратни таъминловчи автоматлаштирилган тизим ишлаб чиқилди, маълумотлар визуаллаштирилди ҳамда Марказий диспетчерлик хизмати мониторига уланди.

“Рақамли кон” дастурини жорий этиш доирасида эса қазиб чиқарилаётган углеводородлар ҳажмларини ҳисобга олишда шаффофликни таъминлаш ва уларни самарали бошқариш учун автоматлаштирилган тизим ишлаб чиқилиб, ҳозирда конларда алоқа каналлари ташкил этилмоқда.

2021 йил давомида, “Ўзбекнефтегаз” тасарруфидаги барча конларда зарур инфратузилма яратилиб, тизим тўлиқ ишга туширилади. Жаҳонда номдор “Шлюмберже” ҳамда “СОКАР” компанияларининг тажрибаси ўрганилиб, тизимида 3Д усулда конларни моделлаштиришни тадбиқ этиш ишлари бошланди.

Тармоқда янги йўналишлардан бири бу “Рақамли бурғилаш” тизимини жорий этишни 2021–2022 йилларда режалаштирилган. “Ўзбекнефтегаз” тасарруфидаги 23 та бурғилаш қурилмаларини ишлаш жараёнини назорат қилиш мақсадида қурилмаларга замонавий ўлчов асбоблари ўрнатилиб, бурғилаш тезлиги, кимёвий реагентлар ва ёқилғи маҳсулотлари сарфи, тўхтаб туриш даврига оид маълумот йиғилади.

“Рақамли бурғилаш” тизими 2021–2022 йилларда давомида босқичма-босқич амалиётга жорий этилиб, натижада 15 фозга бурғилаш тезлиги оширилади, 20 фоизга қурилмаларнинг ишлаш даври узайтирилади ҳамда амалга оширилган тўғри геологик-техник чора-тадбирлар ҳисобига бурғилаш самарадорлиги 5 фоизга оширилади.

Олтинчи йўналиш, Республикада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда электрон кооперация портали фаолиятини такомиллаштириш мақсадида “Ўзбекнефтегаз” АЖ тармоқ корхоналарининг тайёр маҳсулотлари, уларга талаб этиладиган хомашё, бутловчи буюм ва материалларнинг Онлайн кўргазмаси яратилмоқда, ушбу тизим 2020-2021 йилларда амалга оширилади.

Онлайн кўргазма алоҳида электрон платформа кўринишида ишлаб чиқилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги ҳар бир корхона эҳтиёжи учун зарур бўладиган моддий-техник ресурслар билан кенгроқ таништириш имконини беради ҳамда харидлаш жараёнининг шаффофлигини таъминлайди. Онлайн кўргазма жорий йил октябрь ойидан ўз ишини бошлайди.

Рақамли технологияларнинг нақадар муҳимлигини бугунги пандемия шароити ҳам яна бир бор исботлади. Бир сўз билан айтганда, рақамлаштириш жараёни ялпи ички маҳсулот ўсиши, тизимда шаффофликни амалда бўлиши, ортиқча исрофгарчиликка барҳам берилиши ҳамда коррупциянинг олди олинишига хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|