“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2021 йилнинг 8 ойи давомида бажарилган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига қўйилган топшириқлар ижросини таъминлаш ва бажарилаётган ишлар ҳолатининг муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган бошқарув йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда 2021 йилнинг январь-август ойлари давомида бажарилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва режалаштирилган кўрсаткичларнинг амалга оширилиши таҳлилий муҳокама қилинди.

Бошқарув раиси тизим ташкилотлари томонидан жойларда ишни ташкил этиш жараёнига масъулиятсизлик, топшириқларга нисбатан совуққонлик билан ёндашиш кузатилаётганлигини, шунингдек, мутахассислар томонидан лавозим йўриқномасида белгиланган вазифа ва мажбуриятларни бажармаслик ҳоллари учраётганини кескин танқид қилди.

Бошқарув раиси яқинда Татаристон Республикасига қилган сафари чоғида у ердаги нефть ва газ соҳасида қўлга киритилган ютуқларга айнан ходимларнинг ўз ишига нисбатан масъулиятли муносабати сабаб эканлигини эътироф этди. Татаристон компаниясига ташриф пайтида ходимларнинг ўз корхонасига бўлган меҳр-муҳаббатига гувоҳ бўлган ҳолатларни мисол келтирди. Худди шундай муҳитни “Ўзбекнефтгаз” АЖда шакллантириш лозимлигини таъкидлади.

Бошқарув раиси ушбу давлат билан икки томонлама ўзаро ҳамкорлик бўйича қатор келишувларга эришилганини таъкидлар экан, энг аввало ишни ёш мутахассисларнинг малака оширишларини йўлга қўйишдан бошлаш кераклигини уқтирди. Жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ходимлари Татаристонда нефтни қайта ишлаш бўйича тажриба алмашиш учун сафарга юборилиши бўйича тавсияларини берди.

Йиғилишда асосий масала табиий газ қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, саккиз ойлик якунлар, йил охирига қадар белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокама этилди.

Бу борада амалга оширилган ишлар юзасидан Бошқарув раисининг тегишли ўринбосарлари ўз ҳисоботларини тақдим этишди.

Бошқарув раисининг Ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Алишер Мустафоев конлар, корхоналар, бошқармалар, регионлар кесимида 8 ой давомида бажарилган ишлар таҳлили ҳамда бартараф этилган камчиликлар ва аниқланган янги имкониятлар бўйича маълумот берди.

Шунингдек, Бошқарув раисининг ўринбосари қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари аввалги йиллардагидан фарқли равишда йўлга қўйилгани ҳамда бу тадбирларни режадагидай амалга ошириш чоралари кўрилаётганини билдирди.

Сентябрь ойида 18 та қудуқни бурғилашдан ишга тушириш, 48 та қудуқни эса капитал таъмирлаб, интенсификация ишларини олиб бориш белгиланган бўлиб, ушбу вазифаларни ўз вақтида бажариш учун ҳудудлардаги корхоналарга департамент ходимлари ёрдам бериш учун бириктирилганини қайд этилди.

Шунингдек, А.Мустафоев белгиланган ишларни муваффақиятли бажариш учун тўртта двигетални таъмирлатиш, “Тегирмон” кони учун қувур олиб келиш зарурияти, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Жанубий Кемачи” кони учун кранлар кераклигини билдирди.

Бошқарув раиси томонидан двигеталларни таъмирлаш ва бошқа техник жиҳозларни келтириш учун “Махсус гуруҳ” тузиш ва таъмирлаш ишларни тўлиқ назоратга олган ҳолда муҳандис-технологларни ҳам сафарга юбориш бўйича кўрсатмаларини берди.

Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ш. Алиризаев бу борада хорижий ҳамкорлар билан ишларни ташкил қилиш тўлиқ назоратга олинганлигини ҳамда буни амалга ошириш белгиланган муддатларда бажарилишини маълум қилди.

Видеоселектор давомида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Р.Шеровнинг ҳам ҳисоботи тингланди. Бошқармадаги мавжуд муаммолар ҳақида маълумот берилди. Бошқарув раиси Муборакдаги нефть ва газ объектларида амалга оширилаётган ишларда камчиликларга йўл қўйилаётгани, айрим кон бошлиқлари билдирилган ишончли тўла оқлай олмаётганлигига урғу берди. Шу сабаб, режа кўрсаткичларини бажармаётган кон бошлиқларини лавозимидан олиш лозимлигини билдирди.

Ўз навбатида жорий йилнинг 10 сентябрь куни “Зеварда” конлар мажмуасида геологлар билан йиғилиш ўтказилишини ҳамда муаммолар жойида ўрганилиб, ҳал этилиши маълум қилинди.

Р. Шеровга биринчидан, 34 та қудуқларни бурғилашдан ишга тушириш, 25 та қудуқларда мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишларини олиб бориш, иккинчидан, кон бошлиқлари масъулиятини янада оширган ҳолда, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда масъулият билан ёндашиш, қудуқлар фонди билан ишлаш, табиий газ қазиб олиш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш чораларини кўриш топшириқлари берилди.

Ушбу видеоселектор давомида Бошқарув раисининг геология ишлари бўйича ўринбосари Қ.Тўхтаев, Иқтисод ишлари бўйича ўринбосари У.Ашуров, Қурилиш ишлари бўйича ўринбосари М.Темировнинг ҳисоботи ҳам тингланди. Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Ш. Жабборовнинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича таклифлари қабул қилинди.

Йиғилишда шунингдек, Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефть маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шу жумладан, агротехник тадбирлар талаб этиладиган дизель ёнилғисини етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди.

Жорий йил август ойи якуни билан топшириқлар ижроси қониқарсиз бўлган нефть базалар фаолияти кескин танқид қилинди.

Хусусан, режага кўра, дизель ёнилғиси қолдиқ захирасининг миқдорини 100 минг тоннагача етказиш белгиланган бўлса, жорий йил 1 август ҳолатига қолдиқ 33,0 минг тоннани ташкил этган. 1 сентябрь ҳолатига эса 27,0минг тоннани ташкил этиб 6,0 минг тоннага камайганини кўриш мумкин.

Натижада, кузги агротехник тадбирлар учун барқарор дизель ёнилғисини етказиб бериш хавф остида қолмоқда.

Мавжуд дебитор қарздорликни йил якунигача сўндириш бўйича кескин чоралар кўриш, ўрнатилган тартибда суд органларига даво аризалари киритиш, дебитор қарздорликни ундириш учун нефть база директорлари ва бош ҳисобчилари шахсан жавобгарлиги белгиланган. Шу билан бирга нефть базалар раҳбарлари томонидан кафолат хатлари берилган бўлсада, пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари дебитор қарздорлиги 1 август ҳолатига 90,6 млрд сўмни ташкил этган. 1 сентябрь ҳолатида ҳам ушбу қарздорлик суммаси ўзгаришсиз – 90,6 млрд сўмни ташкил этиб камайтирилмасдан қолмоқда.

Маълумот учун: Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига дебитор қарздорлик 167,7 млрд сўмни, жумладан қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича – 96,4 млрд сўм, тизим корхоналари бўйича – 9,8 млрд сўм, бошқа (прочие) истеъмолчилар бўйича – 61,5 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Нефть базалар кесимида қуйидагича:

·  Жиззах нефть базаси – 67 млрд сўм;

·  Бухоро нефть базаси – 26 млрд сўм;

·  Андижон нефть базаси – 23 млрд сўм;

·  Мароқанд нефть базаси – 19 млрд сўм;

· Гулистон нефть базаси – 17 млрд сўм;

· Фарғона нефть базаси – 6,9млрд сўм улушига тўғри келади.

Топшириққа кўра, ишлаб чиқиб тасдиқланган истеъмолчиларнинг нефть базалар олдидаги қарздорлигини камайтириш режа графигига асосан август ойида қарздорлик 5,4 млрд сўмга камайтирилиши белгиланган бўлса, амалда 3,5 млрд сўмга камайтирилган ёки 1,9 млрд сўмга бажарилмаган.

Шу сабабли, Бошқарув раиси Мароқанд, Бухоро, Фарғона, Гулистон нефть базалари раҳбарларини лавозимдан олиш кераклигини, бу бўйича Юридик департамент ўрганиш ишларини олиб бориб текширув ҳужжатларини тўплаб Прокуратура органларига тақдим қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, талон-тарожлик ва ўзлаштириш бўйича аниқланган ҳолатларни ОАВ орқали кенг ёритиш вазифаси белгилаб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|