“Ўзбекнефтгаз”: “Саватли” конида Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасини қуриш ишлари бошланди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан конлардаги углеводородлар қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва газ қувурларидаги гидравлик қаршиликларни бартараф этиш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Хусусан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг кунлик табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичларини яхшилаш ва газ конденсати ажратиб олиш ҳажмини кўпайтириш мақсадида, “Саватли” конида Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг қурилиш ишлари бошланди.

Ушбу барпо этиладиган қурилма орқали “Саватли”, “Миркомилқудуқ”, истиқболдаги “Каромат” ва “Жайхун” газ конларидаги қудуқлардан қазиб олинаётган табиий газ таркибидан қатлам сувлари, газ конденсати ва механик аралашмалар ажратиб олинади. Қудуқлардан олинаётган табиий газ қурилма орқали дастлабки тайёрлангач, "Газли" газни қайта ишлаш заводига етказиб берилиши йўлга қўйилади. “Саватли-Қулбешкак-Учқир” газ қувурида уларни гидравлик қаршилик, сиқилиш ҳамда коррозияга учрашининг олди олинади. Бундан ташқари, қазиб олинган табиий газнинг кунлик сарф ҳисобини юритиш имконияти яратилади.

Углеводородларни қазиб чиқариш департаментининг маълумотларига кўра, ҳозирда қурилма учун ажратилган ҳудуд ҳозирланмоқда ва аппаратларни қурилиш майдонига ташиб келиш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳани амалга оширишда сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида, зарурий аппарат ва ускуналар тўлиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ ички имкониятидан фойдаланган ҳолда, “O‘ZLITINEFTGAZ” АЖ техник ечими асосида танланди. Бунинг натижасида қурилма учун сарфланадиган пул маблағларини тежаб қолишга эришилади.

Маълумот учун: “Саватли” кони Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 2019 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|