“Ўзбекнефтгаз”: Афғонистонлик тадбиркорлар билан савдо-тижорат алоқаларини янада кенгайтириш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6109-сон Фармонига мувофиқ “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ташкил этилганлиги афғон тадбиркорлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кучайтиришга кенг йўл очиб берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи асосида мазкур тадбирнинг мантиқий давоми сифатида Термиз туманида жойлашган “Термиз Карго” логистика маркази ҳудудида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг доимий фаолият юритувчи савдо уйи ташкил этилди. Мазкур савдо уйида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизими таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган 50 дан ортиқ саноат маҳсулотлари намуналари, маҳсулотларни етказиб бериш шартларини муҳокама қилиш ва шартномаларни расмийлаштириш учун барча қулай шароитлар яратилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Тижорат департаментининг маълумотга кўра, амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг январь-май ойларида умумий қиймати 9 млн АҚШ доллари миқдоридаги (ёки ўтган йил шу давр кўрсаткичига нисбатан 1,8 марта кўпроқ) корхоналарда ишлаб чиқарилаётган олтингугурт, суюлтирилган газ, турли маркадаги полимер маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари Афғонистон Ислом Республикасига экспорт қилинди. Йил якунигача бу кўрсатгични янада ошириб, 20 млн АҚШ долларигача етказиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 18 май куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ савдо уйида икки мамлакат тадбиркорлари ва меҳмонлар иштирокида нефть-газ корхоналари маҳсулотлари ва савдо уйи имкониятлари билан таништирув тадбири ташкил этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ департаментлари ва “Термиз нефть базаси” МЧЖ вакиллари томонидан ташкил этилган тадбирга афғонистонлик ёш тадбиркорлар, консуллик вакиллари ва Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таҳсил олаётган афғонистонлик талабалар таклиф этилди.

Меҳмонларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда савдо уйи имкониятлари бўйича атрофлича маълумотлар берилди.“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ корхонасида ишлаб чиқарилаётган томчилатиб суғориш тизими ва унга зарур бўладиган эҳтиёт қисмлари, полимер маҳсулотларидан олинадиган қувурлар, фитинглар, катта ҳажмдаги сув сиғимлари, композит панеллар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирга ташриф буюрган Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги Бош консули Сангин Искандарий икки давлат ўртасида савдо тижорат алоқаларини кенгайтиришга сабаб бўлган мазкур савдо уйини ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шовкат Мирзиёевга ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбариятига ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Мазкур савдо уйида тадбиркорлар учун барча қулайликлар яратилганини эътироф этар экан, Афғонистон Ислом Республикаси Жаузжон вилоятидан ташриф буюрган тадбиркор Мирзо Юсуф Ахмадий бу ерда маълумотларни инглиз ва дарий тилларида берилганлиги ишлаш учун янада қулайликлар яратишини айтиб ўтди.

Жорий йилнинг май ойида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида икки мамлакат вакиллари иштирокида ўтказилиши режалаштирилаётган саноат кооперацияси кўргазмаси ва бизнес форумида “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари ва Афғонистон Ислом Республикаси тадбиркорлари ўртасида савдо-тижорат алоқаларини янада кенгайтириш бўйича амалий ишлар давом эттирилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|