“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказишди

Бош саҳифа Русский

Маълумки, Ўзбекистонда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташуббуси билан бу борада давлат дастури қабул қилинди.

2021 йилнинг 29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан яна бир бора учрашиб, “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади” деган эди.

Давлат раҳбари томонидан Ёшларга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида, уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли асосда ўрганиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар белгилаб берилган эди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Китоб туманида ёшлар билан учрашишди.

Таъкидлаш керакки, ушбу учрашувда кутилганидан кўра, кўпроқ ёшлар қатнашишди ва улар турли мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Учрашувдан аввал, ёшларнинг ахборот технологиялари, спорт, маданият ва ҳунармандчилик соҳаларида қилган ишлари, китобхонлик ҳамда техника йўналишларида эришган ютуқлари билан яқиндан танишиб чиқилди.

Уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, китобхон йигитнинг кейинги фаолиятида уни қўллаб-қувватлаш учун барча шароитлар яратиб берилиши айтилди.

Ёш бўлишига қарамай, ахборот технологиялари йўналишида муваффақиятга эришган ҳамда ўзи таҳсил олган мактабининг интернет сайтини яратган ўқувчига “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан ноутбук совға қилинди.

Таъкидлаш керакки, ушбу кунда очиқ мулоқот катта фистевалга айланиб кетди. Рассомлар, каштачилар, ҳунармандлар, спортчилар алоҳида баҳслашишди. Кураш бўйича беллашувлар ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг, икки раҳбар ва ёшларнинг ўртасида очиқ мулоқоти бошланди. Учрашувда сўз олган Қашқадарё вилоят ҳокими давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган эътибор, уларга яратилаётган шароит ҳамда имкониятлар ҳақида сўзлаб, нефть ва газ соҳасида бажарилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Бу борада вилоят ҳокимлиги ҳам ушбу соҳани ривожланиши учун бор имконият билан ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси нефть ва газ соҳаси ривожланиши йўлида Қашқадарё вилояти аҳолисининг меҳнати алоҳида ўрин тутиши, Қашқадарё вилояти бу соҳанинг “юраги” эканлигини билдирди.

Қашқадарё вилоятининг ватанпарвар, меҳнаткаш ва танти инсонлари сабаб бугун бу соҳада ривожланишда давом этаётганини эътироф этди.

Ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишдан ташқари, ўз таклифларини ҳам билдиришди.

Спортчи ёшлар янада яхши натижаларга эришиш учун, қўшимча спорт анжомлари лозимлигини, Бошқарув раиси ва Вилоят ҳокими ушбу масалада кўмаклашишса, ғолиблар кўпайишига ваъда беришини айтиб ўтди.

Айрим ёшлар нефть ва газ соҳасига қизиқишларини, бу йўналишда ишлашни хоҳлашларини, ишга кириш учун ёрдам берилишини сўрашди.

Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ва Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан саволлар берилди ҳамда ғолиблар мукофотланди.

Зоир Мирзаев Амир Темур бобомизнинг ўта сир сақлаган қуроли нима эканлиги ҳамда шоир Абдулла Ориповнинг “Тилла балиқча” шеърини ёддан айтиб берилиши бўйича савол берди.

Меҳриддин Абдуллаев эса Ўзбекистонда биринчи нефть кони қачон ва қаерда очилгани бўйича савол билан мурожаат қилди.

Ўта қизиқарли руҳда ўтган учрашувда ёшлар ўзлари учун мотивация олишганини, бу учрашув яна ташкиллаштирилса хурсандчиликлари ортишини такрорлаб, ҳар иккалага раҳбарга миннатдорчилик билдиришди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оила фарзандларига тикув машиналари ҳамда бошқа турдаги совғалар берилди. Учрашув якунланаётган бўлса-да, бу сўнггиси эмаслиги айтилиб, барча ёшларни ҳам маънан, ҳам руҳан доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдиришди.

Шунингдек, ёшларнинг ахборот технологиялари, спорт соҳаларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Қашқадарё вилояти ҳокими ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси томонидан компьютер жамланмалари, телевизор ва спорт анжомлари топширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|