“Ўзбекнефтгаз”: Ходимлар ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича турнир ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ходимлари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича турнир ташкил этилди.

Тошкент шаҳридаги Шахмат Академиясида бўлиб ўтган мусобақада “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг Марказий аппарати ҳамда унинг тасарруфидаги 31 та ташкилотдан 70 нафар ҳаваскор ва профессионал шахматчи ходимлар ўзаро мусобақалашдилар.

Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ишчи-ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмонан ва руҳан тетик бўлишларини таъминлаш, шунингдек, спортга кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Беллашувлар Халқаро шахмат федерациясининг амалдаги қоидалари асосида, рапид йўналишида аёллар ва эркаклар ўртасида бўлиб ўтди. Ҳар бир мусобақа 7 турда швейцарча тизимда ўтказилди. Иштирокчиларга ўйин охирига қадар 10 дақиқа вақт берилди, биринчи юришдан бошлаб ҳар юришга 2 сониядан вақт қўшиб борилди.

Қизғин тарзда ўтказилган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, эркаклар ўртасида “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ ходими Алишер Ражабов – биринчи, “Навоий нефть базаси” МЧЖ ходими Дилшод Омонов – иккинчи, “Uz-Kor Gas Chemicals” қўшма корхонасининг ходими Алимжон Аметов – учинчи ўринни эгаллашди.

Аёллар баҳсида "Бухоро" нефтни қайта ишлаш заводи ходими Лайло Ҳасанова ғолибликни қўлга киритди. Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг ходимлари Светлана Раджабова – иккинчи, Дилором Ихлосова эса учинчи ўринлардан жой олишди.

Тадбир сўнггида ғолиблар ва иштирокчилар тақдирланиб, уларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг диплом, медаль ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

– “Жисмоний мукаммаллик учун спорт қанчалик муҳим бўлса, ақлий салоҳият учун шахмат шунчалик муҳимдир. У инсонларга хос бўлган алоҳида хусусиятларни ривожлантириш ва ақлни машқ қилдиришнинг қизиқарли ҳамда қулай йўлидир”, деган эди кубалик гроссмейстер Рауль Капабланка. Ташкил этилган ушбу тадбир ҳам тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ақлини машқ қилдириш, ақлий салоҳиятини оширишга хизмат қилади, десам муболаға бўлмайди, – дейди мусобақанинг ташкилотчиси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Персонални бошқариш департаменти бошлиғи Анвар Авезов.

ФОТОЛАВҲА

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|