“Ўзбекнефтгаз”: “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станцияси захира газ ҳайдаш агрегати билан таъминланди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станцияси Газ ҳайдаш агрегатларида регламент ва таъмирлаш ишлари ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилди.

Ушбу сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси – “Шимолий Нишон”, “Қамаши”, “Бешкент” конларидан келаётган табиий газнинг босимини ошириб, “Шўртан” бош иншоотига қайта ишлаш учун ҳайдаб беришдан иборатдир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, улардан биттасининг фавқулодда тўхтаб қолиши, суткасига 360 минг куб метрга яқин табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига олиб келади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда – №100, 200, 300, 400-сонли газ ҳайдаш агрегатларида заруриятга қараб, регламент ва таъмирлаш ишлари навбатма-навбат тезкор равишда ўтказилди.

Станция муҳандис ходимлари томонидан ишлаб чиқарувчи заводнинг йўриқномаси асосида газ ҳайдаш агрегатларида ўрнатилган “НК-16СТ” русумли газ генераторлари, “КНД 194ГЦ1-115/10-30М12356” ва “КВД 185ГЦ2-42/29-82М12345” русумли компрессорларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Газ генераторларининг ички қисми махсус ювиш воситаси ёрдамида юмшатилган сув билан ювилади. Уларнинг ҳаво, ёқилғи ва мой фильтрлари тўлиқ алмаштирилди. Газ генераторлари ва компрессорларининг барча асосий ва ёрдамчи ускуналари тўлиқ текширилди. Шунингдек, таъмирлаш жараёнида бир қанча техник жиҳатдан мураккаб бўлган ҳисоблашлар ўтказилиб, созлаш ишлари олиб борилди.

Натижада, газ ҳайдаш агрегатларининг узлуксиз, бир меъёрда ишлашини таъминланишига ҳамда табиий газ қазиб олиш ҳажми қисқаришининг олдини олишга эришилди.

Шунингдек, регламент ишларини бажариш ва газ ҳайдаш агрегати фавқулодда ҳалокатли ҳолатда тўхтаб қолган вақтда, газ қисқаришининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатда ишга қўшиб юбориш учун захира агрегати билан таъминланди.

Маълумот учун: “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 4 та газ ҳайдаш агрегати мавжуд ва йилига 2, 212 млрд куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга.

Станцияда 2016 йилда Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган газ ҳайдаш агрегатлари ўрнатилган ва ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|