“Ўзбекнефтгаз”: Жорий йилда “Шимолий Муборак” конидан 164 млн куб метр табиий газ ва 0,4 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, Республика истеъмолчиларини газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, қудуқларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳудудида жойлашган “Шимолий Муборак” конида ҳам ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

“Шимолий Муборак” кони 1968 йилда ишлатишга қўшилган. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу кондан XV горизонтдан табиий газ олина бошланган ва йиллар мобайнида қатлам босими камайгани боис консервацияга қўйилган ва ишлатилмай турган эди.

2017 йилдан “Шимолий Муборак” кони консервациядан қайтарилди ва XVIII горизонтдан газ қазиб чиқариш бошланди. Дастлаб 26,35-сонли қудуқлар ишга туширилди. Шундан сўнг конда бурғилаш ишлари бошлаб юборилди.

Ушбу кондаги қудуқлардан олинган газ “Шумак” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига диаметри 168 мм, узунлиги L-2700 метр бўлган газ қувури орқали газ етказиб берилади.

“Шимолий Муборак” кони ва “Шумак” газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси (ГДТҚ) ўртасидаги газни қисилиш босимини бартараф этиш мақсадида 2019 йил июль-август ойларида қувурлар тармоқ мажмуаси қурилди. Ҳар бир газ қудуқлари алоҳида ушбу мажмуага уланди. Қувурлар тармоқ мажмуасидан “Шумак” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасигача диаметри 273 мм. узунлиги L-2700 метр бўлган янги газ қувури тортилиб ишга туширилди.

2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, ушбу кондаги умумий қудуқлар сони 49 тани ташкил этади. Шундан ишлаётган қудуқлар 8 та, бурғилашда 1 та, тугатилиши кутилаётган 7 та ва тугатилган қудуқлар 33 тадан иборат.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида ушбу кондан 130,7 млн куб метр табиий газ (режага нисбатан 102 %), 3 минг тонна газ конденсати (режага нисбатан 147 %) 80 тонна нефть (режага нисбатан 100 %) қазиб олинди.

Қазиб олишни ошириш мақсадида 3 та янги қудуқ бурғиланиб ишга топширилиши ҳисобидан қўшимча 18,4 млн. куб метр табиий газ ва 0,7 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.

Бундан ташқари 2 та қудуқда иккинчи ён ўзак қазиш ишлари олиб борилиши натижасида қўшимча 48,1 млн куб метр табиий газ ва 1,7 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

Шу билан бир қаторда, 2020/2021-йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида, кондаги қудуқларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва газни бир меъёрда сифатли тайёрлаш мақсадида, фавворага қарши қудуқ устки жиҳозлари ва газни тайёрлаш қурилмасида профилактик таъмирлаш ишлари олиб борилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|