“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Қашқадарё вилояти Ғузор туманида йирик инвестицион лойиҳа ишга туширилди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилган 49,0 млн долларлик лойиҳа халқимизга куз-қиш мавсумида қулайлик яратишга имкон берди, дейиш мумкин.

Ушбу инвестицион лойиҳа доирасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги мавжуд учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси модернизация қилинди.

Кеча, 29 октябрь куни Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида мазкур йирик инвестицион лойиҳанинг ишга туширилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг сўзларига кўра, янги лойиҳани ишга туширишдан асосий мақсад – табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватини янада оширишдан иборат.

– Ушбу лойиҳамиз ҳам халқимиз куз-қиш мавсумида ҳеч қандай қийинчиликни сезмаслиги, табиий газ етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳолини суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида тизимда олиб борилган амалий ҳаракатлар натижасидир, – деди Меҳриддин Абдуллаев. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сонли “2020–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида мавжуд учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини (УППБС-3/1,2,5) модернизация қилиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди.

Бунинг амалга ошириш учун хорижий давлатлар билан зарурий шартномалар имзоланган эди. Аммо кутилмаганда юз берган пандемия туфайли барча давлатлар эшиклари бир-бирлари учун ёпишди.

Пандемия ва карантин шароитига қарамай, лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш мақсади “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарма ва корхоналардаги ички имкониятлар фойдаланилди, барча кучлар сафарбар этилди.

– Бир сўз билан айтганда пандемия бизни тоблади, мустақил ишлашга, мустақил қарорлар қабул қилишга мажбур қилди. Ўзимизга бўлган ишончни мустаҳкамлади, – деди Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори Шокир Жабборов.

– Қурилмани модернизация қилиш ҳисобига йилига қўшимча 61 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ишлаб чиқаришга ва бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотга ошиб бораётган талабни қондиришга эришдик.

Модернизация ишларида заводни импорт ускуналар билан таъминлаш мақсадида Украинанинг “Сумское НПО”, Россиянинг “КМПО”, “НИПИ НГ ПЕТОН”, “Электростандарт-прибор”, Швейцариянинг “Endress+Hauser” ва бошқа чет эл заводларидан қиймати 19,7 млн долларлик сиқув компрессори ва унинг ички алмашинувчи қисмлари, бошқарув клапанлари (ЗРА), ўлчов ва автоматика мосламалари (КИПиА), пўлат қувурлар, НК-16 СТ туридаги газ турбини двигатели, колонналар ички алоқа қисмлари каби ускуналар ва материал-техник ресурслар харид қилинган.

Ушбу лойиҳа доирасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги газ ҳайдаш агрегатларининг ва сиқув компрессори станциясига Украинанинг “Сумское НПО” заводида ишлаб чиқарилган 8 дона СПЧ ички қисмларини янги ва замонавийларига алмаштириш ишлари олиб борилди. 2 дона С-1Н ва С-2Н сепараторларини монтажи ҳамда К-1 деэтанизатор колоннасига Россиянинг “НИПИ НГ ПЕТОН” компаниясининг ички қисмларини тўлиқ ўрнатиш ишлари олиб борилди. Товар парки майдонида 7 та 200 куб метр сиғим унинг хизмат кўрсатиш майдончаси монтаж қилинди. Лаборатория ускуналарининг монтаж ишлари амалга оширилди ва “Фортек” ХК томонидан Шўртан НГҚЧ бошқармаси ходимларига амалий-ўқув ишлари олиб борилди.

Қурилиш ишлари эса Бош пудратчи – “Муборакнефтгазмонтаж” МЧЖ томонидан бажарилди.

– Қўшимча пропан-бутан қурилмасининг ишга туширилиши нафақат газни қайта ишлашнинг биринчи босқичи, балки газни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш учун замин ҳисобланади.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида қазиб чиқарилган газ Шўртан газ кимё мажмуасига жўнатилади.

Ушбу мажмуада газдан метан, пропан, бутан, конденсатлар ажратиб олинади. Шу билан бирга, этандан этилен, полиэтилен ишлаб чиқарилади.

Мамлакатимизда барпо этилаётган “GTL” заводи ишга тушурилгач эса юқори сифатли ёқилғи маҳсулотлари – дизел, керосин, нафта хомашёларини ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, қўшимча ишлов бериш натижасида этилен, пропилен ҳам олинади. Улардан эса Ўзбекистонда йўқ бўлган, импорт орқали кириб келаётган янги турдаги полиэтилен ва полипропиленлар ишлаб чиқарилади.

Натижада газни қазиб олишдан тортиб, то қайта ишлаш натижасида тайёр маҳсулот олишгача бўлган барча босқичлар тўлиқ битта жойда – “Шўртан” гуруҳ конлари базасида амалга оширилади, – дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ Газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаменти бошлиғи Алишер Баҳодиров.

Тантанали маросимда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан пандемия ва карантин шароитларига қарамай, амалга оширилган инвестицион лойиҳада астойдил меҳнат қилган соҳа ходимларини муносиб тақдирланди.

Жараёнда иштирок этган бошқа фаол ходимлар қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Шунингдек, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси 1980 йил 29 октябрь куни ташкил этилган бўлиб, ўша куни бошқарманинг ташкил этилганига ҳам 40 йил тўлган экан.

Ушбу сана муносабати билан бошқармада янги музей очилди. Музейда бошқарма фаолиятига доир маълумотлар, қилинган ишлар, эришган ютуқлар ҳақида маълумотлар жамланган.

Шунингдек, бошқармада янги дестпетчерлик хизмати ҳам ишга туширилди, тизим тўлиқ автоматлаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|