“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёдаги “Шўртан” конидан 6,35 млрд. куб метр табиий газ ва 151,6 минг тонна газ конденсати қазиб олинади

Бош саҳифа

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш учун конлар ва қудуқларда ишлаётган ишчи-ходимлар вахта режимида фаолият юритишмоқда.

Карантин қоидалари асосида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар учун озиқ-овқат, махсус кийим, махсус автотранспорт воситалари билан таъминланганлар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани ҳудудида жойлашган “Шўртан” конида ҳам иш вахта режимида ташкил этилган.

2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, кондаги 160 та қудуқдан табиий газ қазиб олинмоқда. 3 та қудуқда эса бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда. 1 та қудуқда эса мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар, ушбу кондан 3,2 млрд. куб метр табиий газ ва 76 минг тонна газ конденсати қазиб олинди. 6 та қудуқ қисқа вақтда бурғиланиб ишга топширилди, натижада эса қўшимча 28,1 млн. куб метр табиий газ ва 0,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

Кондаги 2 та қудуқда мукаммал таъмирлаш ишлари ва 34 та қудуқда интенсификация ишлари бажарилиши натижасида эса, қўшимча 22,2 млн. куб метр табиий газ ва 0,36 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди.

“Рақамли кон” лойиҳаси доирасида Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг 2-навбатида кондан қазиб олинаётган газ миқдорини аниқлаш мақсадида 9 та комплект “Autopilot Pro” русумли газ сарфи ўлчаш комплекслари ўрнатилди.

“Шўртан” конида Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси 1-навбатида олиб борилган модернизация ишлари учун зарур бўлган технологик аппаратлар, қувурлар ҳамда бошқа асбоб-ускуналар тўлиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз ички имкониятидан фойдаланган ҳолда , жамият тизимидаги бошқарма ва заводлар ички имкониятларидан келиб чиқиб бутлаш ҳисобидан амалга оширилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида, “Шўртан” конидаги қудуқлардан қазиб олинаётган табиий газ таркибидан механик бирикмалар, конденсат ва техник суюқликни ажратиб олиш ҳамда табиий газ қувурларидаги гидравлик қаршилик ва босимлар фарқини камайтириш ҳисобига қўшимча кунлик 200,0 минг куб м табиий газ қазиб олишни кўпайтиришга эришилди.

2020 йилда “Шўртан” конидан 6,33 млрд. куб метр табиий газ ва 151,6 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган. Иккинчи ярим йилликда 4 та қудуқ бурғиланиб ишга топширилиши мўлжалланмоқда ва бу қудуқлардан қўшимча 35,1 млн. куб метр табиий газ ва 0,7 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш кутилмоқда.

4 та қудуқ мукаммал таьмирланиши ва 48 та қудуқда интенсификация ишлари бажарилиши кутилмоқда, натижада қудуқлардан қўшимча 43,63 млн. куб метр табиий газ ва 0,3 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|