“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳа ҳолатини ўрганди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилаётган қиймати 49 миллион долларлик “Мавжуд пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмалари 1-, 2 ва 5-навбатларини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳаси ҳолати ўрганилди.

Бошқарув раиси жорий йилнинг 26 июнь куни Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлиб, лойиҳа доирасидаги амалга оширилаётган ишлар 20 фоизгагина бажарилганини кескин танқид қилган ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг сабабсиз кечикаётганлиги боис Бош пудратчи – “Муборакнефтгазмонтаж” МЧЖ раҳбарига қаттиқ огоҳлантириш берган эди.

Шу сабабли Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари ўтган давр мобайнида қилинган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларнинг бартараф этилганлиги ҳолатини ўрганди.

“Мавжуд пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмалари 1-, 2 ва 5-навбатларини модернизация қилиш” лойиҳаси таркибида қурилаётган янги ГПА №10 газ компрессор агрегати, кириш фильтрсепараторлар блоги ва газни ҳаво билан совутиш ускуналари 4-, 5 ва 6-навбатларида бугунги кунда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари билан батафсил танишиб чиқилди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Украинанинг “Сумское НПО”, Россиянинг “КМПО”, “НИПИ НГ ПЕТОН”, “Электростандарт-прибор”, Швейцариянинг “Endress+Hauser” ва бошқа чет эл заводларидан олиб келинган ускуналар ҳолати, улар билан ҳамкорликда қилинаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ускуна ва жиҳозларнинг қарийб 80% ҳозирда олиб келинган бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари деярли тугалланмоқда. Инвестицион лойиҳани сифатли ва мукаммал тарзда амал ошириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Бошқарув раиси режадаги тадбирларни техника хавфсизлиги ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда замонавий қурилиш меъёрлари асосида амалга ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Масъул раҳбарларга яна бир бор, карантин чекловлари бекор қилинмагани, балки юмшатилганини ёдда тутиш лозимлиги, унга қатъий амал қилган ҳолда лойиҳа доирасидаги ишларни жорий йилнинг октбярь ойига қадар якунлаш бўйича топшириқ ва вазифалар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисига Капитал қурилиш ва таъмирлаш департаменти бошлиғи, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори, “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ раҳбари томонидан зарур жиҳоз ва материалларни тайёрланиши бўйича хориждаги ишлаб чиқарувчилар билан доимий видеомулоқотлар олиб борилаётгани, ишлаб чиқарувчилар томонидан товарларни тайёрлаш ва етказиш муддатларини қисқартириш бўйича барча чоралар кўрилаётганлиги тўғрисида ахборот берилди.

Бошқарув раиси лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш мақсадида тузилган махсус “Ишчи гуруҳ” таркибидаги мутахассислар ва ишчи-ходимлар билан суҳбат олиб бориб, карантин даврида яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.

Улар билан юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, мураккаб шароитда ишлаётган ишчи-ходимларга барча қулайликларни яратиш ҳамда ўз иш фаолияти билан бошқаларга ўрнак бўлаётганларни рағбатлантириш лозимлиги таъкидланди.

Ўрганишлар сўнгида, пудратчи ташкилот (“Муборакнефтгазмонтаж” АЖ) масъуллари гарчи танқидлардан тўғри хулоса чиқараётган бўлса-да, лекин қурилиш майдонида ишчилар сонининг етарли эмаслиги ҳамда зарур барча техника ресурсларининг жалб этилмаганига беъэтибор бўлаётгани, бажарилган айрим ишларда камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Лойиҳа мавжуд пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларида йилига қўшимча 61,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ишлаб чиқаришга ва бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотга ошиб бораётган талабни қондиришга қаратилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|