“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” “Шўртан газ кимё мажмуаси”да қурилаётган “Ишчилар шаҳарчаси”да бўлди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Шўртан газ кимё мажмуаси”да бўлиб, бу ерда пандемия даврида тўлиқ қувват билан ишлаб чиқаришни давом эттириш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Бошқарув раисининг буйруғига асосан корхона ҳудудида ишлаб чиқаришда узилиш бўлишини ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида, вахта режимида ишлаш учун шаҳарча барпо этилмоқда.

Бошқарув раиси қўшимча 300 та ходим учун барча шароитларга эга бўлган, енгил реконструкция асосида барпо этилаётган ушбу “Ишчилар шаҳарчаси”да бўлиб, олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Қурилиш ишларини август ойи охирига қадар тугаллаш ва ишлаш давомийлиги бир ой муддатдан ошмаган вахта режимида иш ташкил қилиш, ишчи-ходимларни дам олиш вақтида керакли жиҳозлар ва маиший техникалар билан таъминлаш, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш шароитларини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, корхонанинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, вахта режимида ишлаб турган ишчи-ходимларнинг оила аъзоларидан хабар олиб турувчи, уларни озиқ-овқат ва бошқа керакли маҳсулотлар билан таъминлаш учун махсус ишчи гуруҳ тузиш таклифи берилди.

Шунингдек, ишчи-ходимларга узлуксиз тиббий хизмат кўрсатиш учун шароит ҳамда дори-дармонлар захирасини яратиш борасида кўрсатмалар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси корхоналарда мавжуд цех ва қурилмалардаги технологик жараёнларни бошқаришда замонавий рақамли технология усулларидан фойдаланиш ҳамда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишига доир ишлар билан ҳам танишди.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда барча йўналишлар бўйича жорий йил режа кўрсаткичларини сўзсиз бажарилиши лозимлиги таъкидланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|