“Ўзбекнефтгаз”: Бир гуруҳ иқтидорли талабалар Шўртан газ кимё мажмуасининг стипендияси соҳиби бўлишади (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан Республикамизда фаолият юритаётган Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда олиб борилаётган амалий ва натижадор ишлар 2021 йилда ҳам давом этмоқда.

Жорий йилнинг 20 январь куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори Шуҳрат Асланов бошчилигидаги раҳбарият Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига ташриф буюрди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастурига асосан, соҳага тегишли мутахассислик йўналишларида таҳсил олаётган талабаларга ўқув йили давомида мажмуанинг етакчи мутахассислари томонидан ўқув машғулотлари олиб борилиши йўлга қўйилади. Олиб борилган ишлар натижасига кўра, мутахассислик йўналишларининг 4-босқичида таҳсил олаётган бир қатор иқтидорли талабалар танлаб олинади ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан таъсис этилган стипендиялар билан рағбатлантириб борилади.

– Ўзим ҳам мана шу олийгоҳнинг собиқ талабалариданман. Ҳозир даврамизда бир пайтлар менга таълим берган устозлар ҳам бор, фурсатдан фойдаланиб, уларга раҳмат айтмоқчиман. Сабаби, бугунги даражага етишимда уларнинг хизмати катта. Ўқийдиган, ўз устида ишлашни биладиган талаба эртага яхши ходим бўлади. Яхши ходимга бўлган талаб доимо юқори, – дейди Ш.Асланов.

Ташриф давомида мажмуа томонидан таъсис этилган стипендияга даъвогар талабалар билан имтиҳон жараёнлари бўлиб ўтди. Унда 200 нафардан ортиқ талаба иштирок этди ва яхши натижага эришган талабалар 2-босқичга йўлланмани қўлга киритадилар. Бу босқичда талабаларнинг ўз соҳаси бўйича билим даражасини аниқлаш суҳбат асосида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бўйруғига асосан ҳам И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали талабалари учун “Бошқарув раисининг стипендияси” жорий этилган эди.

2020 йилда Олий таълим муассасаларининг 26 нафар иқтидорли талабаларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланган эди.

Стипендия Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ)нинг 1 баробарида белгиланган бўлиб, учинчи курсдан бошлаб, бошқа стипендияларни олишидан қатъи назар, сўнгги икки сессияни аъло баҳоларга топширган талабаларга тўланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|