“Ўзбекнефтгаз”: Табиий газ қазиб чиқариш миқдорини кўпайтириш мақсадида “Шўртан” конидаги қурилмага вертикал сепараторлар ўрнатилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Шўртан” конидаги Газни дастлабки тайёрлаш 2-қурилмасига табиий газ кириш ва чиқиш босим фарқларини тушириш ва газ сифатини талаб даражасида тайёрлаш учун сепараторлар ўрнатилди.

“Шўртан” кони 1980 йилда ишга туширилган бўлиб, ундаги Газни дастлабки тайёрлаш 1-, 2-қурилмаларига лойиҳа бўйича юқори босимга мўлжалланган горизонтал сепараторлар ўрнатилган. Улар табиий газ таркибидан технологик суюқлик ҳамда қатлам сувларини ажратиб олиш жараёнини амалга оширади.

Ҳозирги кунда газ қудуқларидаги босимнинг табиий тушиши ва бунинг натижасида қудуқлардан қазиб олинаётган газ билан бирга қатлам сувларининг кўп миқдорда чиқиши сабабли мавжуд сепараторлар технологик суюқликларни талаб даражасида ажратиб ололмаяпти. Бунинг натижасида кўп миқдордаги суюқликлар қувурларга йиғилиб қолиб, босимлар фарқининг ошишига ҳамда табиий газ қазиб чиқариш миқдорининг камайишига сабаб бўлмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли бошқармаларнинг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда қувурлардаги босимлар фарқини ўсишининг олдини олиш ва табиий газ қазиб чиқариш миқдорини кўпайтириш мақсадида, 2 дона вертикал сепаратор ва очиш-ёпиш арматуралари ўрнатилди.

Бошқарма кон муҳандис-техник ходимларининг назорати остида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг Капитал таъмирлаш цехи қурувчи ва пайвандчи-монтажчилар жамоаси томонидан сепараторларни монтаж қилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Ушбу таъмирлаш натижаси ўлароқ бошқармадаги мавжуд бўлган сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларини талафотсиз ишлаши таъминланди.

Қурилмага газнинг кириш босими 13,0 атмосферадан 12,0 атмосферагача туширилди. Кунига ўртача 80–100 минг куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилиб, газ етказиб бериш қувурлари ва газ ҳайдаш агрегатларига 50 куб метр технологик суюқлик ва қатлам сувлари йиғилиб қолишининг олди олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|