“Ўзбекнефтгаз”: “Шўртан” конидаги янги бурғиланган қудуқлардаги газни йиғув пунктига етказиш учун қувурлар ўрнатилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан бошқармаларда табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва истеъмолчиларнинг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш мақсадида, қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай амалий тадбирлардан бири Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шўртан” конидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида муваффақиятли якунланди.

Углеводородларни қазиб чиқариш департаментининг маълумотига кўра, қурилманинг 2-навбатига диаметри 219 мм бўлган 2250 п/м узунликдаги асосий газ қувури ўрнатилиб, 25-сонли янги йиғув пунктига монтаж қилиш ишлари якунланиб, ишга қўшилди.

Эндиликда газ конидаги янги бурғилашдан чиққан қудуқлардан қазиб олинган табиий газ ушбу қувур орқали йиғув пунктида умумлаштирилади. Шундан сўнг, конденсат ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш мақсадида қайта ишлаш учун “Шўртан” Бош иншоотига узатилади.

Бундан ташқари, “Шўртан” конидаги янги бурғиланган яна бир – 336-сонли қудуқни ишга тушириш мақсадида, 1700 п/м узунликдаги, диаметри 108 мм ли шлейф қувури монтаж қилиниб, 25-сонли йиғиш пунктига уланди ва кунлик қўшимча 80 минг куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилди.

25-сонли йиғув пунктига монтаж қилинган қувур, беркитувчи жиҳозлар ва бошқа моддий техник ресурслар Жамиятнинг ички имкониятидан келиб чиқиб таъминланди.

Маълумот учун: Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани ҳудудида жойлашган "Шўртан" кони 1980 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|