“Ўзбекнефтгаз”: Тезкор таъмирлаш ишлари сабаб табиий газ қазиб чиқариш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми камайишининг олди олинди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, бошқарма ва корхоналардаги ускуна ва жиҳозларнинг регламент ва таъмирлаш ишлари ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда.

Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Bateman” сиқув компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатларида ҳам таъмирлаш ишлари ўтказилди.

Ушбу сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси табиий газнинг босимини кўтариб, “Шўртан” бош иншооти ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси”га юборишдан иборат.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу агрегатларнинг биттасининг тўхтаб қолиши кунига 500 минг куб метрга яқин табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига ҳамда “Шўртан” бош иншоотидаги суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсирини кўрсатади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, станция муҳандис ходимлари томонидан мавжуд тўртта газ ҳайдаш агрегатида навбатма-навбат тезкор равишда регламент ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Ишлаб чиқарувчи заводнинг таъмирлаш ишларини ўтказиш йўриқномаси асосида, “Bateman” сиқув компрессор станциясининг 1, 2, 3, 4-сонли газ ҳайдаш агрегатида ўрнатилган “LM-2500” русумли газ генераторларининг ички қисми махсус ювиш воситаси ёрдамида юмшатилган сув билан ювилди ҳамда ҳаво, ёқилғи ва мой фильтрлари тўлиқ алмаштирилди.

Агрегатлардаги газ генератор ва “D12R6B” русумли компрессорларнинг барча асосий ва ёрдамчи ускуналари тўлиқ текширилди.

Шунингдек, таъмирлаш жараёнида бир қанча техник жиҳатдан мураккаб бўлган ҳисоблашлар ўтказилиб, созлаш ишлари олиб борилди.

Натижада, газ ҳайдаш агрегатларини узлуксиз, бир меъёрда ишлашини таъминланишига, табиий газ қазиб олиш ҳажми қисқаришининг ҳамда фавқулодда ҳалокатли ҳолатда тўхтаб қолишининг олдини олишга эришилди.

Маълумот учун: “Bateman” сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, унда 4 та газ ҳайдаш агрегати мавжуд. Ушбу станция йилига 13 млрд куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга. Станцияга Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган газ ҳайдаш агрегатлари ўрнатилган ва 2003 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|