“Ўзбекнефтгаз”: Талабалар учун “Бошқарув раисининг стипендияси” таъсис этилди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг бўйруғига асосан, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали талабаларини рағбатлантириш ва мотивация қилиш, уларни билим олишга ва илмий-тадқиқот фаолиятга жалб қилиш ҳамда интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Бошқарув раисининг стипендияси” жорий этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг стипендияси фуқаролик мансублигидан қатъий назар, ўқув, илмий ва ижтимоий фаолиятдаги муваффақиятли натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришга ҳисса қўшган кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун берилади.

Стипендия Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ)нинг 1 баробарида белгиланган бўлиб, учинчи курсдан бошлаб, бошқа стипендияларни олишидан қатъий назар, сўнгги икки сессияни “аъло” баҳоларга топширган талабаларга тўланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг стипендияси ҳар ўқув йили учун ҳар бир таълим йўналиши бўйича 3 тагача талабага, 1 сентябрдан бошлаб, 1 йил муддатга ҳар ойда тўланади.

Стипендиатларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Сертификат берилади ва ўқишни тамомлаганларидан сўнг нефть-газ тизими корхоналарига ишга жойлашишлари учун қўшимча имтиёзга эга бўладилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|