“Ўзбекнефтгаз”: Сурхондарёдаги қовушқоқлиги юқори бўлган нефть қудуқларига тўхтовсиз ишлаш қувватига эга винтли насослар ўрнатилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Жарқўрғоннефть” АЖда нефть қазиб чиқариш кўрсаткичларини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг июль ойида “Қарсоқли” нефть конидаги 36-, 37-, 68-сонли қудуқларда тубдан таъмирлаш ишлари амалга оширилди. “Petroleum Tools Services” компанияси томонидан “Қарсоқли” конининг 37-сонли қудуғига Германиянинг “Netzsch Oilfield Gmbh” компаниясида ишлаб чиқарилган винтли насослар риск-сервис шартига кўра шартнома асосида ўрнатилди. Натижада, ушбу винтли насос Сурхондарё нефть-газли ҳудудида қовушқоқлиги юқори бўлган нефтларни қазиб чиқаришда тўхтовсиз ишлашини исботлади.

Кейинчалик Германиянинг “Netzsch Oilfield Gmbh” ва Канаданинг “Кudu” компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган винтли насослари 5-, 36-, 68-, 69-, 60-, 61-, 62-сонли қудуқларга ҳам ўрнатилди.

“Жарқўрғоннефть” АЖ мутахассислари томонидан амалга оширилган ушбу тадбирлар ижобий натижа кўрсатиб, қўшимча нефть қазиб чиқаришга эришилди.

Юқорида келтириб ўтилган қудуқларда таъмирлаш ишлари амалга оширилгандан сўнг, қудуқларни ишга туширишда зарур бўладиган янги ер ости жиҳозлари ўрнига сифатли таъмирланган ер ости жиҳозлари ишлатилди. Шу йўл билан жамиятнинг маълум миқдордаги маблағини тежаб қолишга ҳам эришилди.

Маълумот учун: “Қарсоқли” нефть кони майдонида дастлаб 1912 йилда тадқиқот ишлари олиб борилган. 1968–1969 йилларда Дасмоноға ва Амударё структуралари оралиғини ўрганиш натижасида 16 та қудуқ бурғиланган. 1982 йилда қидирув-разведка бурғилаш ишлари бошлаб юборилган. “Ўзбекистон Республикасида оғир нефтларни ва табиий битумларни қазиб чиқариш ва қайта ишлашни геологик ўрганиш режаси”га асосан, 2011 йилнинг апрель ойида Дасмоноға-Қарсоқли майдони яқинида оғир нефтлар ва табиий битумларнинг тарқалишини ҳамда уларнинг физик-кимёвий хусусиятларини ўрганиш мақсадида, геологик қидирув ишлари бошлаб юборилди. Натижада эса чуқурлиги 300 метрдан 600 метргача бўлган яна 11 та қидирув-разведка қудуқлари бурғиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|