“Ўзбекнефтгаз”: Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси модернизация қилинмоқда (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563- сонли «2020–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг 1, 2- ва 5-тармоқларини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди.

Аҳоли эҳтиёжларини қондиришга ва иқтисодиёт тармоқларини таъминлашга қаратилган ушбу инвестиция лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши жорий йилнинг ноябрь ойига режалаштирилган. Бунинг натижасида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида йилига қўшимча 61 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқишга эришилади.

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғи билан ушбу вазифани ўз вақтида амалга ошириш мақсадида барча кучлар сафарбар қилинган.

Лойиҳа бўйича Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларида навбатма-навбат модернизация ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Айни пайтда қурилмадаги К-1 детанизатор колоннасига дефлегматор қувурини монтаж қилиш ва К-1 аппарати ички элементлари ўрнига “ПЕТОН” эҳтиёт қисмларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, қурилмадаги сув билан совутиш аппаратларининг иш коэффициентини ошириш ва айланма техник сув энергиясидан самарали фойдаланиш мақсадида ушбу аппаратларнинг иш режимига технологик ўзгаришлар киритилмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминловчи ва табиий газ босимини кўтариб берувчи Сиқув компрессор станцияларини модернизация қилиш ҳам кўзда тутилган. Бугунга қадар 5 та ана шундай газ ҳайдаш агрегатларида модернизация қилиш ишлари якунига етказилди.

Маълумот учун: “Шўртан” Бош иншоотида жойлашган Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг 5-навбати 2012 йилда ишга туширилган. Унинг йиллик қуввати 3 млрд куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳамда 50 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришга эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|