“Ўзбекнефтгаз”: Табиий газ чуқур қайта ишланиб, ички ва ташқи бозорга етказиб берилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ҳозирги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ газ кимё мажмуалари томонидан йилига 1,4 млрд куб метр табиий газ хомашёси чуқур қайта ишлашга йўналтирилмоқда. Бунинг натижасида юқори қўшилган қийматли 480 минг тонна полиэтилен ҳамда 95,5 минг тонна полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички ва ташқи бозорга етказиб берилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига йирик истиқболли лойиҳаларни босқичма-босқич жорий этиш орқали саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, импорт ўрнини босувчи юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хусусий тадбиркорликни ва давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш бўйича ўзининг устувор йўналишларини 2020–2025 йиллар учун белгилаб олган. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида республикамиз иқтисодиёти учун ўта муҳим бўлган қуйидаги ишлар амалга оширилади:

• 2020 йил 1400 млн куб метр газни чуқур қайта ишлаш натижасида тайёр полимер маҳсулотлар экспортидан эса – 587 млн АҚШ доллари даромад кутилмоқда.

• 2025 йил 6300 млн куб метр газни чуқур қайта ишлаш натижасида тайёр полимер маҳсулотлар экспортидан эса – 1487 млн АҚШ доллари даромад кутилмоқда.

Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метан негизида GTL технологияси асосида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш инвестицион лойиҳаси 2020 йил якунига қадар қурилиш ишлари якунланиб, 2021 йилнинг июнь ойида тўлиқ ишга туширилади. Ушбу заводда йилига 1,5 млн тонна синтетик суюқ ёқилғи (дизель – 724 минг тонна, керосин – 307 минг тонна, нафта – 437 минг тонна, суюлтирилган газ – 53 минг тонна) маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Натижада, халқ хўжалиги истеъмоли учун юқори экологик талабларга жавоб берадиган "ЕВРО-5" ёнилғиси етказиб берилади. Республиканинг юқори сифатдаги маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Шўртан газ кимё мажмуаси қувватларини кенгайтириш лойиҳаси 2023 йилда ишга туширилиб, натижада, мавжуд хомашё базаларидан 100 минг тонна рандом полипропилен ва 280 минг тонна бимодал/мономодалли юқори зичликка эга бўлган полиэтилен ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Янги ишлаб чиқариладиган полимерлар хомашёси базасида Республика миқёсида кичик тадбиркорлик корхоналарига юқори қийматли импортдан кириб келаётган товар маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Ўзбекистон Республикаси миқёсида янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

МТО технологияси асосида газ кимё мажмуасини қуриш лойиҳаси 2025 йилда ишга топширилиб, 1,3 млрд куб метр табиий газ хомашёсидан жами 800 минг тоннагача полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилиш йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳани ишга тушириш билан полимерлар асосида 100 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.

Мавжуд газ кимё мажмуаларидаги компрессорларни ювувчи мойларга бўлган эҳтиёжларни қондириш, технологик жараёнларда ҳосил бўладиган қолдиқ пиролиз дистилляти маҳсулотини унумли қайта ишлаш орқали Республикамиз учун янги маҳсулот бўлган – компрессорларни ювувчи мойни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш иқтисодий самарадор ва технологик жиҳатдан унумли саналади. Лойиҳа ишга тушиши билан Устюрт газ кимё мажмуасида йилига 4 млн доллар валюта тежаб қолинади ва 6 млн долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.

Яна бир истиқболли лойиҳа – синтетик кир ювиш воситалари учун алкил бензол маҳсулотини ишлаб чиқариш лойиҳаси, юқори самарадор йўналиш ҳисобланиб, "Ўзбекистон GTL” заводининг лойиҳасида ҳосил бўладиган углеводородлар фракциясидан (С10–С13) таркибини ажратиб олиб, уни бензол билан алкиллаш усули орқали йилига 100 000 тонна синтетик кир ювиш воситалари учун алкил бензол хомашё маҳсулотини олиш амалга оширилмоқда. Санаб ўтилган лойиҳа қувватларининг ишга тушиши кичик бизнес фаолиятларини янада равнақ топишига замин яратади.

2025 йилга бориб истиқболли лойиҳа қувватларини ишга тушириш орқали 6,3 млрд куб метр ҳажмдаги табиий газ чуқур қайта ишлаш жараёнларига йўналтирилади ва йилига жами 1487 минг тоннадан полимер ва газ-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Ушбу полимер хомашёлар Республикамизда қурилиш, автомобилсозлик, маиший техника, қишлоқ хўжалиги каби бир қатор иқтисодиётимиз учун зарур бўлган соҳаларни ривожлантириш учун ўзига хос пойдевор вазифасини ўтайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|