“Ўзбекнефтгаз”: Тармоқ корхоналари эҳтиёжи учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни республика ҳудудида ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда

Бош саҳифа Русский

Нефть ва газ корхоналари учун зарур бўлган ускуналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали сарф-ҳаражатларни иқтисод қилиш, қолаверса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 январдаги 41-сонли “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ушбу қарор ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан тармоқлараро кооперацияни чуқурлаштириш ишлари фаоллаштирилмоқда.

Жамиятнинг барча тармоқ ва ҳудудий корхоналарида импортни оптималлаштириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни тадбиқ этиш масалаларига бағишланган набатдаги учрашув ҳам шу мақсадда ташкил этилди.

Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “ГМС Нефтемаш” АЖ, “Синтез ОКА” МЧЖ ҳамда “Хромос Инжиниринг” МЧЖ мутахассислари иштирок этишди.

Учрашув мобайнида корхоналар мутахассислари томонидан қуйидаги йўналишларда ишларни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди. Жумладан:

– “Синтез ОКА” МЧЖ билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналари эҳтиёжи учун янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни (диэтиленамин ва метилдиэтиленамин) республика ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

– “ГМС Нефтемаш” АЖ ва “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилаётган қўшма корхона томонидан ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган катта ҳажмли маҳсулотларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ эҳтиёжи ва инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар учун талаб этиладиган импорт ускуналарни техник буюртма параметрларига мослиги асосида ўзлаштиришни ташкил этиш.

Учрашувда “Хромос Инжиниринг” МЧЖ ва “Kimyo Texnologiya” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилаётган қўшма корхона томонидан ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган хроматографларни саноат-тажриба синовларидан ўтказиш ва ижобий натижалар асосида кооперация алоқаларини ўрнатилиши бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек, юқорида келтирилган тадбирларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда, корхоналар мутахассислари билан мунтазам равишда ишларни ташкил этиш бўйича учрашувлар ўтказиб боришга келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|