“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёда 58 млн. долларлик суюлтирилган газ олиш қурилмасининг 4-тармоғини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563 - сонли “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, “Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ олиш қурилмасининг 4-тармоғини қуриш” бўйича қиймати 58 млн. долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва ҳамкорлар ўртасида хориждан сотиб олинадиган технологик ускуналар, материал-техник ресурс (МТР)ларни етказиб беришга оид 11 та қиймати 23,2 млн. доллар бўлган шартнома тузишга эришилди.

Ушбу шартномаларга мувофиқ, ҳозирги кунга қадар турбодетандер агрегати, газотурбинли двигатель, ўлчов асбоб ускуналари, анализатор, лаборатория ускунаси, теплообменник, бошқарув клапанлари, автоматлашган тизим бошқаруви каби ускуна ва МТРлар тўлиқ олиб келинди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳаллий етказиб берувчилардан сотиб олинадиган ускуна ва МТРларни олиш учун умумий қиймати 84,36 млрд. сўмга тенг 71 та шартнома тузилди ва барча ускуна ҳамда МТРлар олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Қашқадарёда бўлиб, айнан ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида ускуналар бўйича тайёрлаш ва етказиб келиш ишларининг ҳолатини ўрганди.

Украинанинг “Сумское НПО” компанияси томонидан тайёрланиши тугатилаётган иситиш печи ва ҳаво орқали совутиш ускуналрини етказиб келиш ишларини жадаллаштириш кераклиги айтилди.

Бугунги кунда Бош пудратчи - “Нефтегазмонтаж” МЧЖ томонидан қурилиш ишларининг 81,0 фоизи бажарилган бўлиб, Бошқарув раиси томонидан “Нефтегазмонтаж” МЧЖ раҳбарига қурилиш-монтаж ишларини тезлаштириш ва жорий йилнинг август ойида якунлаш бўйича вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳани амалга ошириш орқали йилига қўшимча 38,0 минг тонна пропан-бутан аралашмаси ишлаб чиқарилади ва суюлтирилган газнинг экспорти ҳажмини оширишга эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|